Ссылки доступа

Прокурор блогер Пирмуҳаммадзодага 7 йил қамоқ жазосини талаб қилди


Журналист и блогер Абдусаттор Пирмухаммадзода
Журналист и блогер Абдусаттор Пирмухаммадзода

Давлат айбловчиси тожикистонлик блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзодага 7 йил қамоқ жазосини талаб қилди. Таниқли блогер аввалроқ тергов изоляторидан йўллаган мактубида ва суд жараёнида тергов пайтида қийноқлар ва руҳий босимлар ҳақида гапирган эди.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан яқинларидан бирининг 19 декабрь куни Озодлик радиосига айтишича, блогер устидан суд жараёни ўтган ҳафта охирида пойтахтдаги тергов изолятори биносида давом эттирилган. “Прокуратура вакили суддан Абдусатторни 7 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Бизда бошқа маълумот йўқ, ҳеч ким биз билан гаплашмоқчи эмас”, — дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Озодлик радиоси журналистларининг Душанбедаги Исмоили Сомоний туман суди вакилларидан изоҳ олишга уринишлари натижа бермади. Суд ходимларидан бири фақат блоггернинг ишига масъул судья семинарда эканлигини айтди. Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг адвокати журналистлар билан мулоқот қилишдан бош тортди.

Таниқли журналист ва блогер устидан маҳкама 13 октябрь куни Душанбедаги тергов изолятори биносида ёпиқ эшиклар ортида ва яқинлари иштирокисиз бошланди.

Орадан икки ҳафта ўтиб, Пирмуҳаммадзода тергов изоляторидан йўллаган мактубида ҳибсга олинган биринчи кунданоқ “шафқатсиз қийноқлар”га учраганини таъкидлаган. “У ерда яшашни истамаганим учун мени калтаклашди ва электр токи уришди”, деб ёзади у. Блогернинг сўзларига кўра, милиция ходимлари ва терговчилар уни “сохта айбловлар”ни тан олишга мажбурлаш учун қийноқ ва калтаклардан фойдаланган.

“Саккиз-ўн кунлик қийноқлар, оиламга нисбатан тўлиқ изоляция, таҳдид ва ҳақоратлар мени ўзим қилмаган жиноятни тан олишга мажбур қилди”, — деб ёзади Абдусаттор Пирмуҳаммадзода ўз мактубида.

Хат эълон қилинганидан сўнг, Исмоили Сомоний туман суди блогерга қарши ишни кўриб чиқишни тўхтатди. Судья Тожикистон Бош прокуратурасидан судланувчининг Ваҳдат шаҳар милиция бўлимида қийноқлар қўллангани ҳақидаги иддаосини текширишни сўради, деб хабар берди Озодлик радиосининг 29 ноябрь куни манбаси. Бош прокуратура ходимлари томонидан аризани текшириш натижалари маълум қилинмаяпти.

8 июль куни 44 ёшли блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода Ваҳдат шаҳар ички ишлар бўлимига сўроққа чақирилган ва сўроқдан кейин ҳибсга олинган. Ярим йиллик матбуот анжуманида Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Ҳафиззода Абдусаттор Пирмуҳаммадзода экстремистик фаолиятда айбланаётгани ва унга нисбатан 307-модда бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода сўнгги олти ой ичида ҳибсга олинган етти нафар тожикистонлик журналист ва блогерлардан бири. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳибсга олиш ва ҳукм чиқариш инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидига учради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аҳволи бўйича махсус маърузачиси Мери Лоулор Тожикистонга ташрифидан сўнг ўз хавотирини билдирди ва "инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилиши мамлакатни қўрқув муҳитига солиб қўйганини" айтди.

XS
SM
MD
LG