Ссылки доступа

Олий суд Сталин қатағони қурбонларидан яна 173 нафарини оқлаши мумкин


Ўзбекистон Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 19 декабрь куни мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган 173 нафар шахсга оид жиноят ишларини апелляция тартибида кўриб чиқа бошлади.

Олий суд матбуот хизмати хабарномасига кўра, Республика ишчи гуруҳи томонидан илмий-тадқиқот жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан таклиф киритилган.

Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи Ўзбекистон президентининг 2020 йил 8 октябридаги фармойишига асосан ташкил этилган. Бу Олий суднинг Сталин қатағони қурбонларини реабилитация қилишга доир учинчи мажлисидир.

Жорий йил бошида Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида 6 та жиноят иши кўриб чиқилган ва якунда 120 нафар шахс ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқланган эди.

2021 йил 25 август куни эса олий маҳкама мустабид тузум даврига ноҳақ айбланган 115 нафар маҳкумни оқлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Улар орасида истиқлолчилик ҳаракатининг етакчиларидан Иброҳимбек қўрбоши ва Носирхон тўра ҳам борлиги хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 31 август куни Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига ташриф пайти ўзбек халқининг энг сара вакиллари шўро қатағони қурбони бўлгани ҳақида гапирган.

“Катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби – буюк бўлгани”, деган эди Мирзиёев.

1937-1953 йилларда юрт озодлиги учун курашган 100 мингдан зиёд ўзбекистонлик қатағонга учрагани айтилади. Жумладан, 13 минг киши отиб ташланган, минглаб зиёли сургун қилинган.

XS
SM
MD
LG