“Бугун Олмаота тергов суди тергов органларининг Михаил Козачковга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқишни якунлади. Тергов судининг ҳал қилув қарори билан тергов органларининг икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини тайинлаш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилди”, — дейилади суд хабарида.
18 декабрь куни ММА “Козачков офсайд” телеграм канали муаллифи, «Время» газетаси журналисти Михаил Козачковнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Бошқарманинг билдиришича, у мамлакат собиқ президентининг акаси Болат Назарбоевнинг «ёрдамчиси» деб танилган Елдос Коспаевнинг уюшган жиноий гуруҳига босқинчилик ҳужумларини уюштиришда ёрдам берганликда гумон қилинмоқда.
ММАнинг фикрича, Коспаев "босқинчилик қурбонларига ахборот ҳужумларини амалга ошириш учун Козачков хизматларидан фойдаланган". Козачков ўз хизматлари учун “уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоларидан” 52 миллион тенге олган.
Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси халқаро ноҳукумат ташкилоти душанба куни Қозоғистон расмийларини Козачковни зудлик билан озод қилишга ва ОАВ ҳамда журналистларнинг касбий бурчларини бажариши учун фаолиятига кафолатлар беришга чақирди.
19 декабрь куни “Адил сўз” матбуотни ҳимоя қилиш жамғармаси баёнот бериб, унда Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаевга “таниқли журналист Михаил Козачковнинг конституциявий ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётгани” юзасидан шикоят билан мурожаат қилган.
Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “бу шов-шувли иш Қозоғистон қонунчилигига қатъий риоя қилган ҳолда фақат ҳуқуқий соҳада кўриб чиқилиши керак”, деб ёзди.
ММА раҳбари Жанат Элимановнинг журналист номидан берилган хатга муносабати ҳақида хабар берилмаган.
20 декабрь куни Бош прокуратура журналист Михаил Козачковнинг иши “прокуратура назоратида” эканини маълум қилди.