Ссылки доступа

Қозоғистон январь ойида Германияга нефть жўнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда


Қозоғистон келаси ой Германияга нефть жўнатиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деди «КазМунайГаз» миллий нефть-газ компанияси раҳбари Мағзум Мирзагалиев.

“Қозоғистон президентининг топшириғига кўра, «КазМунайГаз» 2023 йилнинг январида Германияга нефть партиясини синов тариқасида жўнатиш вариантини кўриб чиқмоқда”, — деди Мирзагалиев.

КМГ матбуот хизматининг хабар беришича, 20 декабрь куни КМГ бошқаруви раиси Мағзум Мирзагалиев Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Михаэл Келлнер билан видеоконференсалоқа режимида, шунингдек, Остона шаҳрида Германия парламенти аъзоси Кристиан Горке билан билан учрашган.

Томонлар Қозоғистон нефтини Германиянинг Шведт шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводларига экспорт қилишни муҳокама қилдилар. Учрашувда Бундестаг депутати Қозоғистондан «Дружба» нефть қувури орқали хомашёни барқарор етказиб беришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

КМГ раҳбари Қозоғистон нефтини ушбу қувур орқали Германияга экспорт қилиш имкониятини тасдиқлади, бироқ шартномавий ва техник масалаларни ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади, деб хабар беради матбуот хизмати.

Германия ҳукумати йил охиригача ЕИ санкцияларига мувофиқ Россия нефть импортини босқичма-босқич тўхтатишни мақсад қилган ва Полша билан Шведт шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводларига нефть етказиб беришни таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Ўтган ҳафта Reuters ахборот агентлиги Германия Миллий иқтисодиёт вазирлиги штат котиби Михаэл Келлнерга таяниб, Германия бошқа давлатлар, жумладан, Қозоғистондан газ етказиб беришни кўпайтиришга интилиши ҳақида хабар берган эди.

Германия ҳукумати вакиллари кузда Қозоғистонга икки марта ташриф буюрди. Ҳар икки сафар музокараларда, жумладан, нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

«Дружба» нефть қувури Россия нефть конларини Европа Иттифоқи давлатлари билан боғлайди. Айрим экспертлар аввалроқ Россия Қозоғистонга Москвага қарши кенг кўламли санкциялар фонида Евроиттифоқ мамлакатларига етказиб бериш ҳажмини ошириш учун фойдаланишига рухсат беришига шубҳа билдиришган.

Шведтдаги нефтни қайта ишлаш заводининг йиллик қуввати 10 миллион тоннадан ортиқ хом нефтни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG