Ссылки доступа

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси Москвага сафар қилади


Жорий йилнинг 22 декабрь куни Москвага ташриф буюрадиган Рафаэль Гросси Россия пойтахтида ИИВ, Росгвардия, “Росатом” ва Ростехнадзор вакиллари билан учрашишни режаламоқда.

Россиялик мулозимлар билан музокараларнинг асосий мавзуси Запорожье АЭС атрофида ҳимоя ҳудудини барпо этиш бўлади. Бу ҳақда ҳам Россиядаги, ҳам Украинадаги манбалар маълум қилишган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, Гроссининг президент Путин билан учрашиши режаланган эмас.

Россиянинг Венадаги доимий вакили Михаил Ульянов аввалроқ Запорожье АЭСидаги вазият бўйича Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан бўлиб ўтадиган музокараларга тўхталар экан, “бу жараён омонат кетаётгани йўқ”лигини урғулаб, пайшанба куни айрим жиҳатларга ойдинлик киритилишига умид қилаётганини айтган.

ХАЭА раҳбари Гросси октябрь ойи ўрталарида ҳам Россияга келиб, Санкт-Петербург шаҳрида Путин билан учрашган ва у билан АЭСдаги вазиятни муҳокама қилган эди.

Запорожье АЭСи атрофида хавфсиз ҳудуд жорий қилиш бўйича ХАЭА иштирокидаги музокаралар куздан бери олиб борилмоқда. 10 декабрь куни Гросси мазкур масала бўйича Киев ва Москва билан ўтказилган муҳокамаларда олға силжиш борлигини билдирган.

Россия қўшинлари Запорожье АЭСини 2022 йилнинг март ойида эгаллаб олишган. Ўшандан буён Россия ва Украина кучлари бир неча бор бир-бирларини атом электр станциясини ўққа тутганликда айблашган.

Сўнгги марта АЭС ҳудуди 19–20 ноябрь кунлари ўққа тутилган. ХАЭА қайдича, бу зарбалар уруш бошидан берилган энг кучли зарбалар бўлган.

XS
SM
MD
LG