Ссылки доступа

Олмаотада вайнерлар иштирокида молиявий пирамида яратиш иши бўйича суд бошланди


Олмаота шаҳри Олмали туман судида Mudarabah Capital молиявий пирамидасини яратиш ва бошқариш бўйича дастлабки суд мажлиси бошланди.

Нашрнинг ёзишича, онлайн суд мажлисида 100 киши иштирок этган. Маҳкамада ASTEX.KZ компанияси раҳбари Алмас Қурмангалиев, молиявий пирамида асосчиларидан бири Дания Рахимова, молиявий пирамида яратувчилари Ерлан ва Ержан Мансуровларнинг иши кўрилди.

Mudarabah Capital асосчилари Андрей Ча, Самат Касенов, Биржан Жармухамед ҳам ушбу ишда гумонланувчи сифатида тан олинган. Улар орасида вайнерлар ва блогерлар Мейирхон Шерниязов ва Мейиржан Туребаев, Mudarabah Capital раҳбарлари Руслан Бурканов, собиқ молия директори Тимур Рустемов ва ушбу компаниянинг адвокати Нурлан Султонбоев бор. Бу иш бўйича яна икки айбланувчи – Аделет Ораз ва Азизжон Саидбоев халқаро қидирувга берилган.

Суд мажлисида айбланувчиларнинг адвокатлари тергов ўз мижозларига нисбатан ҳуқуқбузарликларга йўл қўйгани, хусусан, ишга муҳим тафсилотларни бириктирмаганлигидан шикоят қилди. Адвокатлар, шунингдек, айримларининг вояга етмаган фарзандлари борлиги, бирининг саратон касаллигига чалингани сабабли уларни уй қамоғига ўтказишни сўраган. Адвокатлар, шунингдек, етказилган зарар миқдори “иқтисодий экспертиза асосида эмас, жабрланувчиларнинг сўзларидан кўрсатилганини” таъкидладилар. Навбатдаги йиғилиш 23 декабрга белгиланган.

Прокуратура маълумотларига кўра, мазкур иш бўйича 41 та кўчмас мулк объекти, учта автомашина, тўққизта банк ҳисоб рақами ва 16 та корхонанинг устав фондидаги турли улушлари хатланган.

Апрель ойида ушбу иш бўйича жабрланувчи сифатида тан олинган олмаоталик Багила Дўсмаилова тергов жараёнидан норози бўлиб, Нур-Султондаги Ички ишлар вазирлиги биноси олдида ўзига тез ёнувчи суюқлик сепиб, ўзини ёқиб юборган эди. Аввалроқ у Олмаота полиция департаменти бошлиғи ўринбосари Рустам Абдраҳмонов “жиноят ишни ёпишга шошаётганини” айтиб, Mudarabah Capitalни реклама қилган вайнчилар Мейиржан Туребаев ва Мейирхон Шерниязовни жавобгарликка тортишни талаб қилган эди.

20 апрель куни вайнерлар Мейиржан Туребаев ва Мейирхон Шерниязов Mudarabah Capital молиявий пирамидаси бўйича жиноий иш бўйича ҳибсга олинди. Терговчиларга кўра, улар нафақат пирамида схемасини реклама қилишган, балки унинг ҳаммуаллифлари сифатида мунтазам равишда даромад олишган. Саидбоев Олмаота полицияси томонидан қидирувга берилган.

Ўтган ҳафта Олмаота прокуратураси ишни судга юборган эди.

Таниқли вайнерларга нисбатан молиявий пирамида бўйича жиноий иш қўзғатилганидан сўнг, жамоатчилик орасида пирамида схемаларини реклама қилганлик учун жамоат арбобларига жиноий жавобгарликни жорий этиш бўйича таклифлар эшитила бошланди.

Дастлаб парламентнинг ҳар икки палатаси “молиявий (инвестиция) пирамидалар фаолиятига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Июль ойида қонун лойиҳасини мамлакат президенти имзолаган эди.

XS
SM
MD
LG