Ссылки доступа

“Кампиробод иши”: судланувчиларнинг яқинлари норозилик акциясига чиқишди


Бишкекда Кампиробод иши деб аталмиш жиноий иш бўйича ҳибсга олинганларнинг қариндошлари ва оналари Қурманжон Датки ҳайкали ёнидаги норозилик акциясига чиқишди.

Озодлик мухбирининг хабар беришича, митингда фаолларнинг яқинлари Орозийм Нарматова, Бектура Асанов, Перизат Суранова, Асия Сасиқбаева, Клара Сооронқулова ва бошқалар иштирок этиб, яқинларини уй қамоғига қўйиб юборишни талаб қилишган.

“Оммавий ҳибслар қонун бузилиши билан кечди. Уларнинг уйи суд қарорисиз тинтув қилинди, ҳибсда сақлаш муддати ноқонуний равишда узайтирилди”, - дейди Асия Сасиқбоеванинг синглиси Аси Айтбаева.

Йиғилганлар “Озодлик!”, “Ватанга муҳаббат жиноят эмас” дея ҳайқирди.

Клара Сооронқулованинг синглиси Нурия Сооронқулова очлик эълон қилган синглисининг соғлиғи ёмонлашганини маълум қилди.

Аввалроқ, 20 декабрь куни Кампиробод иши бўйича айбланувчиларнинг 70 га яқин қариндоши Бишкекдаги Панфилов боғи яқинида норозилик намойиши ўтказиб, президент Садир Жапаров билан учрашишни талаб қилган эди. Президент маъмурияти вакиллари уларнинг мурожаатини қабул қилиб, уларга қайта қўнғироқ қилишга ваъда беришди.

Октябрь ойида Бишкекда 30 га яқин сиёсатчи ва фаол “оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрган” гумони билан ҳибсга олинган эди. Суд уларни икки ойга қамоққа олди, декабрь ойида эҳтиёт чораси яна икки ойга узайтирилди.

Суд қарорига норозилик сифатида ишдаги 19 нафар айбланувчи очлик эълон қилди. Айрим маҳбусларнинг адвокатлари ва Омбудсман институти вакиллари айрим маҳбусларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлигини айтишмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампиробод сув омбори ерларини Ўзбекистонга бериш ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузиш борасидаги позицияси учун сиёсий таъқиб, деб ҳисобламоқда.

XS
SM
MD
LG