Ссылки доступа

Қулибоевлар ширкати савдо маркази қурмоқчи бўлган жойни ҳокимлик мактаб қурилиши учун тортиб олишни режалаштирмоқда


Қозоғистон собиқ президентининг қариндошлари назорати остидаги хусусий компания савдо маркази қуришни режалаштирган Олмаота шаҳрининг нуфузли қисмидаги ер участкаси олиб қўйилади, деб хабар берди шаҳар маъмурияти.

Бу ҳудудда, маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, мактаб қурилади.

2021 йил августида Озодлик Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара Қулибоева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибоевнинг ширкати ҳамда уларнинг бизнес ҳамкорлари “Фреш Маркет” йирик объектини қурмоқчи эканлигини маълум қилган эди. Савдо маркази Бўстондиқ туманидаги Рўзибоқиев ва Қўжабеков кўчалари кесишмасидаги олти гектар майдонда қурилиши режалаштирилган.

22 декабрь куни Озодлик радиоси журналисти минтақавий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Олмаота ҳокимлиги вакилларидан бу ер участкасининг тақдири билан қизиқди.

— Ҳа, бу Рўзибоқиевдаги Мега марказ рўпарасидаги 6,6 [гектар] майдон. У “Достар Констракшн”га (ер муносабатлари бўлими жавобида компания номи “Достар Коммерц” деб кўрсатилган. – Таҳр.) эгалик ҳуқуқига тегишли бўлиб, «Казком» банкидан ким ошди савдосида сотиб олинган. Бугунги кунда “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси доирасида 3,6 гектарлик шинам мактаб қуриш учун ушбу ер участкасини олиб қўйишни таклиф қилдик. Янги йилдан бошлаб эса бу тартибни бошлаймиз”, — деди Олмаота ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурлан Қулболдинов.

Унинг аниқлик киритишича, ўз вақтида бу ер участкаси Казкоммерцбанкнинг гаров мулки бўлган, хусусий компания уни банкдан сотиб олган.

Ер реестрига кўра, ер хусусий мулкдир. Олмаота ер муносабатлари департаменти маълумотларига кўра, 2018 йилда бу ер Қулибоевлар назоратидаги “Достар Коммерц” компанияси томонидан сотиб олинган.

Тимур ва Динара Қулибоевлар кўп тармоқли бизнес эгалари бўлиб, улар мамлакатдаги энг йирик банкни назорат қилишади ва Американинг Форбес журналида миллиардерлар рўйхатидан жой олишади.

Январь ойидаги қонли воқеалардан кейин Қулибоев «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди. Собиқ президентнинг бошқа қариндошлари ҳам юқори лавозимларидан айрилди, уларнинг баъзилари давлат маблағларини ўзлаштиришда гумон қилиниб, тергов остида эди. Назарбоевлар оиласи аъзоларининг истеъфолари кетма-кетлигида кўпчилик амалдаги президент Қасим-Жўмарт Тўқаев ва ундан олдинги президент доиралари ўртасида ҳокимият учун кураш белгиларини кўрди.

Қулибоевга расман ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Йил бошидан буён у Тўқаев ва Қозоғистон бизнес вакиллари ўртасидаги бир неча учрашувларда иштирок этган.

XS
SM
MD
LG