Ссылки доступа

Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш бўйича статистикалар фарқ қилмоқда


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил ноябрида Хитойга 39,6 млн.долларлик газ экспорт қилинган. Бироқ Хитой томони эълон қилган рақамлар бундан кескин фарқ қилади.

Хитой ўтган ой Ўзбекистондан 114,2 млн.долларлик газ импорт қилганини билдирган.

Ўтган 11 ойдаги газ экспортига оид рақамлар ҳам Хитой томони статистикасидан фарқ қилади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, Ўзбекистон 11 ой давомида жами 910,8 млн долларлик газ экспорт қилган.

Хитой статистик маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистондан 1,03 млрд долларлик газ импорт қилинган. Бу Ўзбекистон томони эълон қилган рақамлардан 13 фоизга кўпдир.

«Газета.uz» жорий йилнинг октябрида ҳам газ экспортига оид рақамларда катта фарқ бўлгани ҳақида хабар берган: Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси октябрда жами 91 млн долларга газ экспорт қилинганини айтган бўлса, Хитой томони 148,5 млн долларлик ўзбек гази импорт қилинганини маълум қилган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларини шубҳа остига олиб келадиган ққтисодчи Отабек Бакиров статистик рақамларга ишонмаслигини айтади:

"Менинг ўзбек статистикасига муносабатим ишораларни илғаш билан боғлиқ холос. Чунки эълон қилинаётган рақамлар тепадагиларнинг ва бенефициарларнинг кўп хоҳиш ва иродаларини ифодалайди, реалликни эмас.

Шу маънода жиддий қарорлар қабул қилишда ҳукумат ҳам, халқаро институтлар ҳам ўзбек статистикасини жиддий қабул қилмасликлари керак. Тавтология учун узр!"

Ўзбекистон расмийлари жорий йилда газ экспорти тўхтатилганини бир неча марта эълон қилишган.

Дастлаб, жорий йилнинг 16 ноябрида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Хитойга газ экспорти деярли тўхтатилганини маълум қилди.

Декабрь бошида эса “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Беҳзод Норматов Хитойга газ экспорти 100 фоизга тўхтатилганини эълон қилди.

Иккала мулозим ҳам ўз баёнотларига бирор ҳужжат тақдим қилганича йўқ.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ўз рақамларининг Хитойникидан фарқ қилишига изоҳ бераркан, эълон қилган статистикаси дастлабки рақамлар экани ва улар кейинчалик яна ўзгаришини таъкидлаган. Қўмитага кўра, рақамларнинг бу каби ўзгариши Божхона низомларида қайд қилинган бўлиб, ҳаммаси қонуний ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG