Ссылки доступа

Қозоғистон халқаро компанияларнинг Россияни тарк этишидан манфаатдор


Хорижий сармояни жалб қилиш масалаларида Қозоғистон санкциялар туфайли Россияни тарк этаётган халқаро компанияларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров 22 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда маҳлум қилди.

“Биз Россияни тарк этган ва аввалроқ Қозоғистонга қизиқмаган хорижий компанияларга қизиқамиз. Март ойидан бери элчиларимиз барча бош идоралар билан музокаралар олиб бормоқда, биз улар учун маҳаллий ҳамкорлар, тезкор платформаларни қидирмоқдамиз. Биз Россия компанияларида фаол иштирок этмаймиз. Лекин биз санкциялар компаниялари нуқтаи назаридан кузатяпмиз. Биз [Россия компанияларини] уч даражали тестдан ўтказамиз. Агар таъсисчи ёки бош офис санкциялар остида бўлса, биз бу компанияларнинг бу ерда бўлишини чеклаймиз, чунки банкларда молиявий операциялар ва хизматларни амалга ошириш имконсиз бўлади”, — деди Қозоғистон ТИВ вакили.

Унинг таъкидлашича, шу кунгача бирорта ҳам Қозоғистон компанияси на тўғридан-тўғри, на иккиламчи санкциялар остида қолмаган.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Россия бозоридан чиқишларини очиқ эълон қилган 362 та хорижий компаниядан 62 таси Қозоғистонга кўчиб ўтишга тайёрлиги ҳақида ижобий жавоб берган, бироқ атиги 21 та компания кўчиб ўтган.

Алмас Айдаров, шунингдек, Қозоғистон Apple билан компаниянинг Олмаота шаҳрида расмий ваколатхонасини очиш бўйича музокаралар олиб бораётганини таъкидлар экан, “Қозоғистонда бу компаниянинг ишлаб чиқаришини таклиф қилиш мантиққа тўғри келмайди, чунки на малакали ишчи кучи, на етарли миқдорда мутахассислар мавжуд. Бизда қайта ишланган нодир тупроқ металлари ҳам, арзон ишчи кучи ҳам йўқ”. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Швециянинг IKEA компанияси билан музокаралар олиб борилган, аммо ҳозирча, маърузачи, компания «ўйламоқда».

“Бренднинг пайдо бўлиши биз учун ҳар доим ҳам устувор ёки фойдали эмас. Агар брендлар биз рози бўлмаган шартларни талаб қилса, биз рад этамиз", деди маърузачи ва хорижий компаниялар "маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларда ишлаши керак".

Қозоғистон хориждан сармоя жалб этишни кутаётган иқтисодиёт тармоғи ҳақида сўз юритар экан, маърузачи агар 2010 йилгача инвестицияларнинг 70 фоизи нефть ва газ соҳасига тўғри келган бўлса, ҳозирда ушбу соҳага йўналтирилган инвестициялар, унинг сўзларига кўра, 45 тани ташкил этишини таъкидлади. Маърузачи Қозоғистонда ишлаб чиқариш саноатини барпо этиш, қўшимча қийматга эга бўлган саноат тармоқларини яратиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади.

Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ва Россияга қарши санкциялардан кейин мингдан ортиқ хорижий компаниялар Россияни тарк этди. Улардан 320 нафари Россияни бутунлай тарк этган. Кузда Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг Қозоғистонга кўчирилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берган эди.

Кейинроқ Тоқаев Россиядан 50 дан ортиқ халқаро компаниялар Қозоғистонга кўчиб ўтганини айтди. Бундан олдин мамлакат бош вазири Алихон Смаилов 300 га яқин глобал компаниялар ишлаб чиқариш ва офисларини Россиядан Қозоғистонга кўчиришга тайёрлигини маълум қилганди. Ўтган ҳафта расмий Россияда жойлашган 19 та хорижий компания Қозоғистонга кўчиб ўтганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG