Ссылки доступа

Хўжандда маиший зўравонларга ёрдам маркази ташкил этилди


Сўғд вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Хўжандда маиший зўранликда айбланган зўравонларна қамоқ ва жарима ўрнига ўқитиладиган, нормал ҳаётга қайтарадиган марказ ташкил этилди.

Оилалар билан ишлашга масъул ҳукумат вакиллари ва бу соҳа мутахассислари бундай марказнинг ташкил этилишига оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлганини айтишади. Ўз оила аъзоларига зулм қилганлар учун психологлар ва ҳуқуқшунослар руҳий инқирозни енгишга ёрдам беради.

“Бу илғор мамлакатлар тажрибаси. Оилавий зўравонлик ҳолатларида, қоида тариқасида, давлат зўравонлик қилувчи (зўравонлик содир этган, рухсат этилган чегарадан чиқиб кетган шахс) учун ўз шартларини белгилайди: ё ҳибсга олиш, ёки жарима солиш ёки махсус дастур бўйича ўқитиш. Ушбу дастурдан ўтиш орқали ўзини ва ҳаракатини назорат қила олмаган кўпчилик одамлар ўз оилаларига соғлом қайтишга ўргатилади”, дейди психолог Муҳаррама Раҳимова марказ ҳақида.

Ҳар куни зўравонлик қилувчилар билан ишлайдиган мутахассислар махсус тайёргарликдан ўтган ва милиция ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Ҳуқуқшунос Садриддин Саидов “Зўравонлик қурбонлари билан ишлашнинг кўп йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, биз нафақат зўравонлик қурбонлариулар билан ишлашимиз керак”, дейди. “Янги дастурга кўра, биз тўғридан-тўғри ҳуқуқбузарларнинг ўзлари билан ҳам ишлаймиз ва уларга зўравонлик нима эканлигини, унинг оқибатлари қандай эканини тушунтирамиз. Машғулотлар жараёнида эса улар ўзларини, ҳис-туйғулари ва ҳаракатларини назорат қила олишларига ишонч ҳосил қилишга ҳаракат қиламиз”.

Марказ ЕХҲТнинг Душанбедаги офиси кўмагида ҳукумат билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ҳукуматнинг таъкидлашича, бундай марказнинг ташкил этилиши ўз вақтида амалга оширилган, чунки зўравонлар жарима ёки бошқа жазога тортилганидан кейин ўз қурбонларига нисбатан янада кўпроқ зўравонлик ишлатган.

Тожикистонда ҳар йили юзлаб аёллар оилавий зўравонликка дучор бўлишади. Хўжандда бир неча йил аввал зўравонлик қурбонлари билан ишлаш бўйича «Гулрухсор» инқироз маркази ташкил этилган бўлиб, унда оилавий зўравонлик қурбонлари учун бошпана фаолият юритади.

XS
SM
MD
LG