Ссылки доступа

Тожикистонлик блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Блогер Абдусаттор Пирмухаммадзода. Архивное фото
Блогер Абдусаттор Пирмухаммадзода. Архивное фото

Суд жараёнида ва тергов ҳибсхонасидан йўллаган мактубида қийноқлар ва руҳий босимлар қўлланилганини айтган тожикистонлик блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Таниқли блогернинг укаси Абдукарим Пирмуҳаммадзоданинг Озоди радиосига айтишича, ҳукм 26 декабрь куни Душанбе шаҳри Исмоили Сомоний туман суди томонидан чиқарилган. Қариндошлар ва дўстлар суд ҳукмидан норози.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода икки ой аввал тергов изоляторидан йўллаган мактубида Тожикистонда адолат борлигига ишонмаслигини ва ҳибсга олинишидан олдин ҳам ҳокимият йўлакларида ҳукм қилинганига ишончи комил эканлигини таъкидлаган.

Исмоили Сомоний туман суди журналист ва блогерга нисбатан чиқарилган ҳукмни расмий эълон қилганича йўқ.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзоданинг яқинлари суд қарори нусхасини ҳали олмаганини, аммо блогер Жиноят кодексининг 307-моддаси 3-қисми (Экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этиш) билан айбдор деб топилганини билишларини айтишди. Бу қилмиш беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода устидан маҳкама 13 октябрь куни Душанбедаги тергов изолятори биносида ёпиқ эшиклар ортида ва яқинлари иштирокисиз бошланди.

Орадан икки ҳафта ўтиб, Пирмуҳаммадзода тергов изоляторидан йўллаган мактубида ҳибсга олинган биринчи кунданоқ “шафқатсиз қийноқлар”га учраганини таъкидлаган. “У ерда яшашни истамаганим учун мени калтаклашди ва электр токи уришди”, деб ёзади у. Блогернинг сўзларига кўра, милиция ходимлари ва терговчилар уни “сохта айбловлар”ни тан олишга мажбурлаш учун қийноқ ва калтаклардан фойдаланган.

"Ҳукмни адолатсиз деб ҳисоблаймиз. Судья қарорига қўшилмаймиз. Суд жараёнида Абдусатторнинг ўзи ҳам унга қўйилган айбловни асоссиз деб атади", - дейди блогернинг укаси Абдукарим Пирмуҳаммадзода. Унинг қўшимча қилишича, йиғилишда унинг рафиқаси, болалари ва синглиси ҳозир бўлган.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода сўнгги олти ой ичида ҳибсга олинган етти нафар тожикистонлик журналист ва блогерлардан бири. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унинг ҳибсга олиниши ва ҳукми инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг кескин танқидига учради. Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар танқидига деярли муносабат билдирмаяпти.

XS
SM
MD
LG