Ссылки доступа

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йилга қамалди


Фарғона вилоят суди 26 декабрь куни Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими дохил 45 нафар судланувчига нисбатан очилган жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Суд ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а”, “в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган 50 ёшли Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, у 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда БҲМнинг 350 баравари, яъни 85 миллион 750 минг сўмлик жаримага тортилган.

Мазкур жиноят иши доирасида Андижон шаҳри собиқ прокурори Қурбонали Асқаров 10 йилу 6 ойга, ндижон шаҳар ХТБ марказлашган молия-бухгалтерия хизматида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Саида Йўлчиева тақрибан 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Фарҳод Муллажонов 8 йилга, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет даромадларини режалаштириш ва бюджетларини шакллантириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Шавкат Ҳошимов 8 йилга қамалган.

Қолган 40 нафар судланувчига нисбатан 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 йилгача озодликни чеклаш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш жазолари тайинланган.

Хабарномада айтилишича, жиноят оқибатида етказилган 63 миллиард сўмлик моддий зарарнинг 16 миллиард сўмдан кўпроғи қопланган, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров жорий йил 6 июнь куни 2017-2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағини ўзлаштирганликда гумонланиб ҳисбга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG