Ссылки доступа

Қозоғистонда ЖенПУ собиқ ректори етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


27 декабрь куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Олмаота вилояти Қорасай туман суди ҳукми билан Қозоғистон Миллий қизлар педагогика университетининг собиқ ректори - бошқарув кенгаши раиси Гаухар Алдамбергенова етти йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берди.

Ректор маслаҳатчиси Қ.Қўжантаев ҳамда “Фуқаролар учун ҳукумат” давлат корпорацияси филиали Қорасай ер кадастри ва кўчмас мулк бўлими бошлиғи A.Журунов ҳам худди шундай муддатга ҳукм қилинди.

Худди шу суд ҳукми билан Қорасой бўлими бошлиғи ўринбосари Д.Жумадил ва бошқарма мутахассиси Э.Камол 7 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд маҳкумларга давлат хизматида ишлашни умрбод тақиқлади, дея қўшимча қилди коррупцияга қарши кураш хизмати.

Тергов маълумотларига кўра, маҳкумлар университетнинг тўққиз гектар майдондаги ер участкасини ноқонуний равишда бўлакларга бўлиб ва инсофсиз харидорларга сотган. Тергов олийгохга етказилган зарарни 95,5 миллион тенге (ҳозирги курс бўйича 205 минг доллар) деб баҳоламоқда. Ҳукм ҳали кучга киргани йўқ.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Қозоғистон Миллий қизлар педагогика университетининг собиқ ходими, “Фуқаролар учун ҳукумат” корпорацияси Олмаота вилояти бўлимининг Қорасай туман рўйхатга олиш ва ер кадастри бўлими раҳбарларининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Улар таълим даргрҳи мулкини тўққиз гектар ер участкаси шаклида ўзлаштирганликда гумон қилинган. “Ўғрилик 2018 йилда содир бўлгани” маълум қилинган.

2021 йил январь ойида, ўша пайтда Коррупцияга қарши кураш хизмати маълум қилганидек, ноқонуний битимга алоқадор шахслар “жиноят изларини яширишга” ва “ер участкасини балансга қайтариш”ни расмийлаштиришга ҳаракат қилган. Бунинг учун Кўлди қишлоғида жойлашган, санитария зонасида жойлашган ва хусусий мулкка берилиши мумкин бўлмаган ер участкаси ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларисиз давлат захирасидан ноқонуний равишда ажратилган.

XS
SM
MD
LG