Ссылки доступа

Бош прокуратура 21 кишини “январь воқеалари ташкилотчиси” деб топди


Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатнинг турли минтақаларида яшовчи 21 кишини “январь воқеалари ташкилотчиси” деб ҳисоблайди, деди Озодлик билан суҳбатда Бош прокуратуранинг махсус прокурорлар бошқармаси бошлиғи Ризабек Ожаров.

Уларнинг қилмишлари “Тўполон” ва “Қурол ўғирлаш” каби моддалар билан квалификация қилинган”, — деди Ожаров.

Ожаров таъкидлаганидек, январь воқеалари қандайдир кучлар томонидан уюштирилганига “шубҳа йўқ”. У тергов давом этаётганига асосланиб, тафсилотларни келтирмади.

Прокуратура вакилининг сўзларига кўра, январь воқеалари чоғида инсонлар ўлимига сабаб бўлган ҳуқуқбузарлик органларига нисбатан «Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилмаган. Хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари “мансабдор шахснинг ваколатларини ҳаддан ташқари ошириб юбориши” сифатида баҳоланди.

Озодлик мухбири: “Президент Тоқаев январь ойида бандитлар хориждан келганини айтди, улар қайси давлатдан келгани аниқми?” деб сўради. Ожаровнинг айтишича, ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Июнь ойида прокуратура 27 кишини январь воқеалари ташкилотчиси деб ҳисоблаётганини билдирган эди.

Қозоғистон ғарбида январь ойининг биринчи кунларида бошланган оммавий норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам ёйилиб, қатор шаҳарларда тартибсизликларга айланган. Президент Қасим-Жўмарт Тоқаев намойишчиларни “жиноятчилар ва қотиллар” деб атаган ва Қозоғистонга “Марказий Осиё ва Яқин Шарқдан 20 минг террорчи” ҳужум қилганини даъво қилган, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаган. Тоқаев хавфсизлик кучларига огоҳлантиришсиз ўлдириш учун ўқ узишни буюрганини айтди.

Январь воқеаларидан кейин Массимов ва унинг ўринбосарларидан ташқари ўша пайтда мамлакат мудофаа вазири лавозимини эгаллаб турган Мурат Бектенов ҳам ҳибсга олинган эди.

Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари чоғида камида 238 киши, жумладан, 19 хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. Қозоғистон ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг январь воқеалари юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказиш тўғрисидаги такрорий чақириқларини рад этди.

XS
SM
MD
LG