Ссылки доступа

Челябинскда урушга сафарбар қилинган сержант ўз командирини уриб ўлдирди


Россиянинг Челябинск вилоятида ҳарбий сафарбарликка чақирилган катта сержант ҳибсга олинган. Магнитогорск гарнизон суди маълумотига кўра, 23 декабрь куни у штаб вагони купесида капитан унвонидаги ўз командири билан айтишиб қолган.

Шундан сўнг икковлон ўртасида муштлашув чиққан, муштлашув чоғида оғир жароҳат олган капитан ўша ерда ўлган. Иддаога кўра, сержант муштлашув чоғида маст бўлган.

Сержантга қарши ўз бошлиғига нисбатан куч ишлатганлик моддаси бўйича жиноят иши очилган. Бу модда Россия президенти Владимир Путин томонидан ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан уч кун ўтиб – 24 сентябрь куни янгиланган эди. Янги таҳрирдаги модда, агар жиноят мобилизация даври ёки уруш пайтида содир этилган бўлса, айбдорга янада оғирроқ жазо беришни кўзда тутади. Бу моддага мувофиқ, сержант 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Россия президенти 21 сентябрь куни Украинадаги уруш учун ҳарбий сафарбарлик бошланганини эълон қилган. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, урушга 300 минг кишини чақириш режаланган, бироқ оммавий ахборот воситалари расмийлар сафарбар қилинганлар сонини миллион нафарга етказишни кўзлаётганлари ҳақида ёзиб чиқишган.

Ҳозирда ҳарбий сафарбарлик тўхтатилган, аммо бунга оид фармон амалда бўлишда давом этмоқда. Аввалроқ Россия нашрлари сафарбарликка чорланганлар юборилаётган ҳарбий қисмларда интизом яхши эмаслиги, у ерда ичкиликбозлик ва оммавий муштлашувлар авж олгани ҳақида бир неча бор хабар қилишган.

XS
SM
MD
LG