Ссылки доступа

CPJ Тожикистон расмийларини блогер Пирмуҳаммадзодани озод қилишга чақирди


 Абдусаттор Пирмуҳаммадзода
Абдусаттор Пирмуҳаммадзода

Қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Тожикистонда блогер Абдусаттор Пирмуҳаммадзода устидан чиқарилган суд ҳукмини танқид қилиб, Душанбе расмийларини уни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Душанбе суди жорий ҳафта бошида 44 ёшли блогерни 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Пирмуҳаммадзоданинг яқинлари Озодликнинг тожик хизматига ўзларига ҳукм нусхаси топширилмагани, бироқ уларга блогер Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси 2-қисми (Экстремистик ташкилот фаолиятини уюштириш) бўйича айбдор деб топилгани маълум эканини билдиришган.

“Суд ҳукмини адолатсиз деб ҳисоблаймиз ва судья қароридан норозимиз. Абдусатторнинг ўзи суд жараёни чоғида ўзига қарши қўйилаётган айбловларни асоссиз деб атаган”, деган блогернинг акаси Абдукарим Пирмуҳаммадзода. У ҳукмни эълон қилиш чоғида суд залида судланувчининг хотини, болалари ва синглиси бўлганини қўшимча қилган. Айтилишича, аввалги суд мажлисларига блогернинг яқинлари қўйилган эмас.

“Садои Душанбе” радиосининг собиқ ходими бўлган Абдусаттор Пирмуҳаммадзода кейинги пайтларда ўзининг YouTube-каналида турли мавзуларда видеороликлар ёйинлаб келган. 2022 йилнинг 8 июлида ҳибсга олинган блогер ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчасини рад этган. У ҳибсга олинганининг дастлабки кунлариданоқ “аёвсиз қийноқ”қа солингани ҳақида билдирган.

Сўнгги олти ой ичида Тожикистонда камида етти нафар журналист ва блогер ҳибсга олинган ва судланган, улардан айримлари турли муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG