Ссылки доступа

Олмаотадаги жамғарма январь ойида ғойиб бўлган Ўзбекистон фуқароси ишини тугатиш ҳақидаги қарор устидан судга шикоят қилди


Олмаота "Халқаро ҳуқуқий ташаббус" нодавлат ташкилоти тергов органининг қонли январь воқеаларида изсиз ғойиб бўлган Ўзбекистон фуқароси Мақсет Канатбоевни қидиришни тўхтатиш тўғрисидаги қароридан сўнг судга мурожаат қилди.

Бу ҳақда мазкур ташкилот адвокати, жабрланувчи томон вакили Амангелди Шорманбоев маълум қилди.

“Аввалроқ иш тугатилгани ҳақида жавоб олгандик. Биз терговни давом эттиришни талаб қилиб судга бордик”, деди 29 декабрь, пайшанба куни Амангелди Шорманбаев Озодликка.

Январь воқеалари чоғида “Олтин Ўрда” улгуржи бозорида арава ҳайдовчиси бўлиб ишлаган, Қорақалпоғистоннинг (Ўзбекистон) Таҳиятош шаҳрида туғилган 32 ёшли Мақсет Канатбоев қўлга олинди. Полиция яқинларига Қанатбоев 12 январь куни қўйиб юборилганини, бироқ у уйига қайтмаганини айтишган.

Иш Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан текширилган. Декабрь ойи ўрталарида, бир неча ойлик терговдан сўнг, коррупцияга қарши кураш агентлигининг Олмаота шаҳри бўйича департаменти “жиноят содир этган шахсни аниқлашнинг имкони бўлмагани учун” қидирувни тўхтатганини маълум қилди.

“Текширув натижасида ҳеч қандай далил топилмади, биз гумонланувчининг шахсини аниқлай олмадик. Гумонланувчи шахс аниқланса, иш қайта очилади”, деди Озодлик билан суҳбатда тергов бўлими бошлиғи Турлибек Амантай.

Адвокат Амангелди Шўрманбоев тергов давом этмаса, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят қилиш ниятида эканини айтади.

Мақсет Канатбоевнинг яқинлари аввалроқ тергов давом этмаётганини, унинг ҳибсга олингани, сўроқ қилингани ёки қўйиб юборилгани акс этган видеоёзув тақдим этилмагани, уни ким сўроқ қилгани айтилмаганини айтишганди.

Яна бир Ўзбекистон фуқароси, Қорақалпоғистоннинг Шимбай шаҳрида туғилган, 1978 йилда туғилган Азат Жуманиёзов 4 январдан бери бедарак йўқолган. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

XS
SM
MD
LG