Ссылки доступа

БМТ Афғонистондаги айрим дастурларни тўхтатишга мажбур бўлмоқда


Афғонистонда аёлларнинг гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларида ишлаши тақиқланиши ортидан БМТ бу мамлакатдаги айрим дастурларни тўхтатяпти. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри БМТ вакиллари баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Халқаро ташкилот вакилларига кўра, аёлларнинг гуманитар фаолиятда иштирок этиши “муҳокама қилинмайдиган масала ва у давом этиши керак”.

“Аёлларга гуманитар фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш афғонистонликларнинг барчаси ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Ҳозирнинг ўзида аёл ходимлар етишмаётгани туфайли айрим ошиғич дастурларни вақтинча тўхтатиб қўйишга тўғри келди”, дейилган БМТ баёнотида.

БМТ масъуллари келажакда Афғонистонда бошқа фаолият турларини ҳам тўхтатиб қўйишга тўғри келиши мумкинлигини қайд этишмоқда.

Афғонистонда гуманитар ёрдам билан шуғулланувчи йирик НҲТларнинг деярли барчаси шу кунда қарийб бутун фаолиятини тўхтатиб қўйган. Бу ташкилотлар мутасаддилари ходималарсиз аёлларга турмуш учун зарур бўлган хизматларни кўрсатиш, масалан, тиббий маслаҳатлар бериш имконига эга эмасликларини билдиришмоқда.

Аввалроқ Европа Иттифоқи, АҚШ ва Британия ташқи ишлар вазирлари Толибон ҳукуматини аёлларнинг НҲТларда ишлашига нисбатан жорий этилган тақиқни бекор қилишга чақиришган. Вазирлар “толибларнинг ўйламай қабул қилинган ва хавфли буйруғи” гуманитар ёрдам умидида бўлган миллионлаб афғонистонликлар ҳаётини хатар остига қўйганини урғулашган.

Толибон ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматдаги Иқтисодиёт вазирлиги 24 декабрь куни аёлларнинг ноҳукумат ташкилотларида ишлашини тақиқлаган ва буни айрим НҲТ ходималарининг “исломий кийиниш” меъёрларига риоя қилмаётгани билан изоҳлаган.

Мазкур тақиқ Афғонистонга гуманитар ёрдам дастурини мувофиқлаштириш агентлиги (ACBAR) таркибига кирган ташкилотларга тааллуқли. Бу идорага 180 дан зиёд маҳаллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари киради. БМТ ACBAR аъзоси эмас, бироқ ташкилот Афғонистонда гуманитар фаолиятни олиб бориш учун кўпинча НҲТлар билан шартномалар имзолайди.

XS
SM
MD
LG