Ссылки доступа

ИИБ Бишкекда шифокорларнинг ҳибсга олиниши сабабини тушунтирди


2 январь куни Бишкекнинг Ленинский тумани ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш маркази ҳамда шаҳар болалар шифохонаси шифокорларининг ҳибсга олиниши сабабларини маълум қилди.

ИИБ маълумотларига кўра, ҳибсга олиш чақалоқнинг ўлими билан боғлиқ. Қайд этилишича, 13 декабрь куни соат 07:00 да ошқозонидаги муаммо билан пойтахт шифохоналаридан бирига олиб келинган бола ўша куни соат 12:30да бошқа шифохонанинг жонлантириш бўлимига ўтказилган ва у ерда вафот этган. 14 декабрь куни эрталаб жасад марказий ўликхонага олиб кетилган. Мазкур ҳолат ИИБ томонидан қайд этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 30 декабрь куни Бишкекнинг Ленинский туман суди Ички ишлар бошқармаси терговчиларининг илтимосномаларини қаноатлантириб, она ва болаликни муҳофаза қилиш маркази ҳамда шаҳар болалар соғлиқни сақлаш марказининг илгари ҳибсда сақланган беш нафар шифокорини 2023 йил 10 январга қадар ҳибсда сақлаган эди. Шу билан бирга, бошқа шифокорга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланди.

Шаҳар судида қайд этилганидек, қўлга олинганлар Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси (“Тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги”)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Мустақил тиббиёт касаба уюшмаси раҳбари Бермет Бариқтабасова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Марҳум боланинг яқинлари юқори лавозимли амалдорлар бўлгани учун Қирғизистон тарихида биринчи марта шундай ҳолат юз бермоқда”, деб ёзди.

“Тиббиёт ходимлари “қамоқхонада чирийдилар”, “дипломлари олиб қўйилади”, деб айтишди. Аслида, содир бўлган воқеани холисона текшириш учун эмас, қайғуни қондириш учун қасос олишаётганга ўхшайди”, — деб ёзади Бариқтабасова.

У Президент Садир Жапаровга тиббиёт ходимларини асоссиз таъқиб қилишнинг олдини олиш юзасидан мурожаат билан чиқди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатга изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG