Ссылки доступа

Қирғизистон: Ҳибсга олинган шифокорлар тергов ҳаракатлари олиб борилмаётганидан шикоят қилишди


Она ва болаликни муҳофаза қилиш миллий маркази ва шаҳар болалар шифохонасининг ҳибсга олинган беш нафар шифокори тергов ҳаракатлари ўтказилмаганини айтишди.

Бу ҳақда Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази (ҚООММ) вакиллари хабар берди.

Қайд этилишича, ҚООММ вакиллари тиббиёт ходимлари сақланаётган Бишкек ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига ташриф буюрган.

“Шифокорлар томонидан 28 декабрь куни қийноққа солиш ёки шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани юзасидан шикоятлар келиб тушмади, бироқ ўшандан бери белгиланган тергов ҳаракатлари олиб борилмаяпти”, — дейилади Миллий марказ хабарида.

30 декабрь куни Бишкекнинг Ленинский туман суди Ички ишлар бошқармаси терговчиларининг илтимосномаларини қаноатлантириб, она ва болаликни муҳофаза қилиш маркази ҳамда шаҳар болалар шифохонасининг аввал ҳибсда сақланган беш нафар шифокорини 2023 йил 10 январга қадар ҳибсга олди. Яна бир шифокорга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланди.

Шаҳар судида қайд этилганидек, қўлга олинганлар Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси (“Тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги”)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Милиция маълумотларига кўра, ҳибсга олиш вояга етмаган боланинг ўлими билан боғлиқ. Қайд этилишича, 13 ноябрь куни соат 07:00 да бола ошқозонида муаммо билан пойтахт шифохоналаридан бирига олиб келинган. Шу куни соат 12:30да бола бошқа шифохонанинг жонлантириш бўлимига ўтказилган ва у ерда вафот этган. 14 ноябрь куни эрталаб жасад марказий ўликхонага етказилган. Мазкур ҳолат ИИБ томонидан қайд этилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

4 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг ҳибсга олинишига изоҳ бериб, бошқарма “шифокорларнинг яқинлари билан алоқада бўлиб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётганини” таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, шифокорларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеадан сўнг, кўплаб тиббиёт ходимлари ишдан кетишни хоҳлашаётгани ҳақида хабар берди.

XS
SM
MD
LG