Ссылки доступа

Тошкент шаҳри бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов ишдан кетди


Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати Сайфуддиновнинг “ўз аризасига биноан” ишдан кетганини урғулаган.

Қайд этилишича, 4 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров раислигида бўлиб ўтган пойтахт имом-хатиблари йиғилишида “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган.

“Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди”, дейилган ЎМИ хабарномасида.

Ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов 2021 йил октябрь ойида Тошкент шаҳри бош имоми этиб тайинланганди.

Р. Сайфутдиновнинг эркак кишининг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. Мунозаралар ортидан имом ўз маърузасини “нотўғри талқин” қилган, дея матбуотни “фитнакорликда” айблаган.

XS
SM
MD
LG