“Фақат шуни айтишим мумкинки, бутун 2021 йил давомида ижрочилар яширинча радикал чоралар кўришга тайёрланишган. Жиноятчилар орасида уюшган жиноий гуруҳлар ҳам бор. Улар одамларни ёллашди, қуролланишди, рация ва транспорт сотиб олишди”, - дейди Асилов.
Унинг сўзларига кўра, тергов бу қўпорувчилик ишига алоҳида хавфсизлик кучлари раҳбарлик қилганини аниқлаган. “Масалан, Олмаотадаги терговчиларнинг фикрича, [Арман] Жумагелдиевга алоҳида роль берилган. Биз у Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) куратори координациясида ҳаракат қилганини аниқладик”, — деди Асилов.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, криминал авторитет Арман Жумагелдиев тартибсизликлар уюштириши, оломонни назоратга олиши, ҳокимиятга ягона ультиматум талабларини қўйиш учун “халқ кенгаши”ни тузиши керак эди. Терговнинг фикрича, бунда унга Олмаота шаҳар маслиҳатининг собиқ депутати, шунингдек, Олмаотадаги «Қозоғистон» меҳмонхонасига уюшган ҳолда келган бандитларни қуроллантирган жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси Махатов фаол ёрдам берган.
“Аммо улар оммавий норозилик намойишларига бошчилик қила олмадилар. Одамлар уларга эргашмади”, - деди бош прокурор.
37 ёшли Арман Жумагелдиев 2022 йил 7 январь куни қўлга олинган. Унга “тартибсизликлар уюштириш”, “ноқонуний қурол сақлаш” айбловлари билан бирга “уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш” айбловлари қўйилган. У, шунингдек, Олмаотадаги тартибсизликлар вақтида “24 кузатувчи”ни ўғирлашда айбланмоқда. Унинг адвокатига кўра, Арман Жумагелдиев ўзига қўйилган барча айбловларни рад этади. Ҳозирда Жумагелдиев тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда.
5 январь куни парламент мажлисида Бош прокурор “мамлакат олий раҳбариятини ишдан бўшатиш бўйича операция пухта режалаштирилгани, бу давлат тўнтаришига уриниш”, деб таъкидлади. У бунга МХҚнинг собиқ раҳбариятининг алоқадорлигини эълон қилди.
“5 январь куни Карим Массимов ва унинг ўринбосари Олмаота, Қизилўрда, Олмаота вилояти МХҚ биноларини тарк этиш ҳақида буйруқ берган. Олмаота ва Жамбил вилоятларидаги полиция бинолари ҳам ташлаб кетилган. У ерда 3 мингга яқин қурол ўғирланган, уларнинг аксарияти ҳозиргача топилмаган. Яна бир собиқ депутат Осипов, шунингдек, МХҚ бошқа бўлимлари раҳбарлари ўз ваколатларини ошириб юборишда айбланмоқда. Мен бошқа маълумотларни ошкор қила олмайман. Мен фитнанинг аниқ тафсилотларини айтишга ҳаққим йўқ”, — деди Асилов.
Бош прокурор, шунингдек, ўша пайтдаги мудофаа вазири Мурат Бектанов “ғайриқонуний буйруқлар бергани ва мамлакатда тартиб ўрнатиш чораларини кўрмагани”ни айтди.
Аввалроқ, Бош прокурор парламент мажлисида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари президент Қасим-Жўмарт Тоқаевнинг огоҳлантиришсиз ўлдириш учун отишма буйруғидан анча олдин январь воқеалари иштирокчиларига қарата ўқ узганини маълум қилганди.