Ссылки доступа

Тожикистонда судья ёрдамчиси Азиза Ҳайдарова 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров тумани суди судьяси Рустам Саидаҳмадзоданинг ёрдамчиси Азиза Ҳайдарова 10 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд уни «фирибгарлик», «ўзлаштириш» ва “далилларни қалбакилаштириш”да айбдор деб топди. Азиза Ҳайдарова аввалроқ барча айбловларни рад этган эди.

Хўжанд шаҳар суди биносида Тоғли-Матчин туман суди судьяси раислигида Азиза Ҳайдарова устидан суд мажлиси бўлиб ўтди.

4 январь куни Озоди радиосининг хабардор манбасига кўра, Азиза Ҳайдаровага нисбатан ҳукм 26 декабрь куни чиқарилган. “Азиза Хайдаровага “енгиллаштирувчи ҳолатлар” инобатга олинган ҳолда жазо тайинланди. Прокуратура унга 14 йил қамоқ жазосини талаб қилди”, — дея қўшимча қилди манба.

Азиза Ҳайдарованинг яқинлари ҳукмни адолатсиз деб атади ва шикоят қилишларини билдиришди.

Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров тумани суди судьяси Рустам Саидаҳмадзоданинг ёрдамчиси 23 ёшли Азиза Хайдарова 10 июнь куни фирибгарлик иши бўйича қўлга олинди. Кейинчалик унга иккита янги айблов қўйилди - ўзлаштириш ва далилларни қалбакилаштириш.

Азиза Хайдарованинг онаси Барно Хайдарова суд ҳукмидан қаттиқ ранжиган ва шу сабаб журналистлар билан мулоқот қилишдан бош тортган. Аввалроқ у қизига қўйилган айбловлар Хўжанддаги уй олди-сотди операцияси билан боғлиқлигини айтган эди. Аёлнинг айтишича, у уйни Россияда ишлаб топган пулига сотиб олган. Бироқ тергов органлари Азиза Ҳайдарова уйни фирибгарлик йўли билан олганини таъкидлади.

Барно Ҳайдарова ҳам қизи ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини иддао қилди. “Уй олди-сотдиси шунчаки баҳона, қизим шу тариқа ўз хўжайини судья Рустам Саидаҳмадзодага қарши кўрсатма беришга мажбур бўлди”, — деди у.

Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров тумани суди судьяси Рустам Саидаҳмадзода 2022 йил 29 июнь куни Душанбе шаҳрида ҳибсга олинган. 1 июль куни суд қарори билан у икки ой муддатга ҳибсга олинган. Судья ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтиб, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Фармонга имзо чеккан, унга кўра Сайдаҳмадзода “судья шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракат содир этгани учун” ишдан олинган.

Рустам Сайдаҳмадзода шов-шувли иш бўйича оқлов ҳукмини чиқариб, айбланувчини суд залидан озод қилганидан сўнг маҳаллий ОАВлар ҳақида ёзган эди. Тожикистон судлари жуда камдан-кам ҳолларда оқлов ҳукми чиқаради ва аксарият ҳолларда жиноий иш бўйича айбловни қўллаб-қувватлайди.

Тожикистонда жами 400 дан ортиқ судья ишлайди. Охирги ўн йил давомида 30 га яқин судья “судья шаъни ва қадр-қимматини камситувчи қилмиш содир этганлиги муносабати билан” эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Охирги икки ой ичида камида учта судья икки йилдан беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG