Ссылки доступа

Афғонистон шимолида “Абу Умар” лақабли “тожик толиби” йўқ қилинди


Афғонистоннинг қатор оммавий ахборот воситалари Бадахшон вилоятида Абу Умар лақабли Тожикистон фуқароси, Толибон жангариси ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Хабарларга кўра, у тажрибали миначи ва радикал Толибон (Тожикистонда тақиқланган)нинг ёш хорижий жангчиларига мураббий бўлган.

"Хашт-е собх" газетасининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, “Абу Умар” уч кун аввал Бадазхшон вилоятининг Бахорак туманида ғойиб бўлган. Жангарининг жасади 4 январь куни кечқурун ушбу туман қишлоқларидан бирида топилган. "Абу Умар" қандай ва ким томонидан ўлдирилгани ҳозирча номаълум. Нашр манбалари Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари учун олиб борилган жангларда жангарининг “Бадахшондаги ҳукумат қўшинларининг ишчи кучи ва ҳарбий техникасини йўқ қилишдаги” “муҳим роли”ни қайд этган.

Абу Умарнинг ўлими ҳақидаги хабарга Тожикистон расмийлари томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Жангарининг ҳаёти ҳақида жуда кам маълумот мавжуд. Фақат унинг Хатлон вилоятининг Вахш туманида туғилгани маълум.

Озоди радиоси манбаларидан бири 5 январь куни, “Абу Умар” ўтган йилнинг 9 декабрида ўлдирилгани, бироқ бу ҳақда ҳозир маълум бўлганини айтди. Унга кўра, жангари яқинда Бадахшондаги Толибон бўлинмаларидан бирига қўмондонлик қилган.

Айни пайтда ўнлаб “тожик толиблари” Тожикистон билан чегарадош Бадахшон, Баҳорак, Шуғнон ва Нусай туманларида жойлашган. Улардан бири, Нуробод вилоятида туғилган, террорчиликда айбланиб, 9 йилдан бери қидирувда бўлган “Меҳди Арсалан” лақабли Муҳаммад Шарифов Афғонистон шимолидаги «Толибон» чегара отрядига қўмондонлик қилади.

XS
SM
MD
LG