Ссылки доступа

Тожикистонда “истеъмолчиларни чалғитувчи” реклама тақиқланди


Реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, жумладан, истеъмолчиларни чалғитувчи рекламадан ҳимоя қилиш мақсадида Тожикистон “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритди.

Ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон томонидан имзоланган ва қонуннинг ўзи янги таҳрирда ўтган йил охирида мамлакат расмий нашрларида эълон қилинган эди.

Қонуннинг янги таҳририда “агар рекламада ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар мавжуд бўлса”, товар, маҳсулот ёки хизматлар рекламаси «безатилган» ёки бузиб кўрсатилган бўлса, у “чалғитувчи реклама” деб топилиб, уни чоп этиш ва эфирга узатиш тақиқланади, деб белгиланган.

Тожикистонда компания ва корхоналар одатда давлат телевидениеси ёки ижтимоий тармоқлар орқали ўз товар ва хизматларини реклама қилади.

Аксарият аҳолининг сўзларига кўра, бугунги кунда телевизорда “ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар” бўлган ўнлаб дори воситалари реклама қилинмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда аҳолининг сўзларига кўра, уяли алоқа операторлари ҳам доимий равишда мижозларга товар ва хизматларни реклама қилувчи СМС хабарлар жўнатишади.

Уч йил аввал экспертлар бир тадқиқотда Тожикистонда компания ва корхоналар ўз маҳсулот ва хизматларини реклама қилиш учун йилига 10 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлашини маълум қилган эди. Рекламанинг асосий қисми давлат оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

“Реклама тўғрисида”ги қонун 2003 йилда қабул қилинган ва унга бир неча бор ўзгартиришлар киритилган, энг охиргиси 2022 йил декабрь ойида киритилган.

XS
SM
MD
LG