Ссылки доступа

Жиззахда бочка ичидан мурда топилди. Бу борада дастлабки тахминлар мавжуд


Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Фориш туманида бочка ичидан номаълум шахснинг мурдаси топилгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура ҳолатга ойдинлик киритди.

Форишлик фуқаро Ф.Қ. 4 январь куни Сайёд МФЙдаги токзоридан хабар олиш учун борганида, боғдаги булоқ сувини йиғишга мўлжалланган 6 тонналик темир бочка ичида номаълум шахснинг мурдаси борлигини кўрган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 5 январдаги 2-сонли хулосасида қайд этилишича, 50-55 ёш атрофидаги осиё миллатига мансуб эркак совқотиш натижасида 20-25 кун аввал вафот этган, ўлимга сабаб бўлувчи жароҳатлар аниқланмаган.

Марҳумнинг кийими чўнтагидан 52 минг сўм пул ва икки дона букланган яшил рангли дафтар топилган. Унинг нега ва қандай қилиб бочка ичига тушгани маълум эмас.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув олиб бораётгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG