Ссылки доступа

Ўзбекистон аэропортларида бир қатор рейслар бекор қилинди


Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида парвозлар бекор қилинди, баъзи рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди.

Ўзбекистонда 10 январь куни кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити, хусусан, қор ёғиши аэропортлар ишига салбий таъсир кўрсатди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Унга кўра, Flydubai авиакомпаниясининг Дубай-Самарқанд йўналиши бўйича рейси аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Навоий шаҳридаги муқобил аэродромга қўнди. Соат 05:04 да самолёт қайтиб Самарқандга учди.

«Қанот Шарқ» авиакомпаниясининг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди. Самарқанд аэродромида қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Бир қатор рейслар ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинди ва бошқа вақтларга қолдирилди.

Аввалроқ хабар қилинишича, мамлакатда 10−15 январь кунлари аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари -12−17 даража, шимолда тунда -17−22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25−27 даража совуқ бўлиши кутиляпти.

Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилди.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги кутилаётган совуқ муносабати билан йирик корхоналарга газ ва электр энергияси етказиб бериш қисқариши, ИЭСларга газ етказиб бериш кўпайишини маълум қилган. Шу билан бирга, жадвалга кўра, энергия таъминотида қисқа муддатли узилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG