Ссылки доступа

Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича суд якунловчи босқичга ўтмоқда


10 январь куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судлов ҳайъати 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар юзасидан 28 ноябрда бошланган суд терговини якунлади. 11 январ, чоршанба куни музокаралар бошланиши кутилмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

19−23 декабрь кунлари 115 нафар гувоҳ, жумладан, Нукус воқеалари бўйича алоҳида жиноят иши бўйича ҳибсда сақланаётган 39 нафар судланувчи сўроқ қилинган. Сўнгра Елубай Абибулаев раислигидаги суд йил охиригача яна 180 кишини сўроқ қилди: 26 декабрда — 46 нафар, 27 декабрда — 31 нафар, 28 декабрда — 38 нафар, 29 декабрда — 54 нафар ва 30 декабрда -11 нафар.

Сўнгра 4 январгача танаффус эълон қилинди. Шу куни яна 17 нафар гувоҳ, 5 нафар жабрланувчи ва 1 нафар фуқаровий даъвогар, 5 январь куни 38 нафар гувоҳ ва 2 нафар фуқаровий даъвогар сўроқ қилинди.

Жума куни судьялар ҳайъати жиноят ишига киритилган ва ашёвий далил сифатида эътироф этилган оммавий намойишлар чоғида олинган видеоёзувларни ўрганишга киришди.

Шанба куни июль воқеалари пайтида республика ички ишлар вазири бўлган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев гувоҳлик берди. У жабрланувчи мақомида бўлиб, суддан судланувчиларнинг жазосини қонун доирасида енгиллаштиришни сўраган.

9 январь куни суд видеоёзувларни ўрганишни давом эттирди ва 1 нафар фуқаровий даъвогар ва 2 нафар гувоҳни сўроқ қилди, дея маълум қилди Олий суд.

10 январ куни жиноят ишида мавжуд ёзма далиллар, экспертларнинг хулосалари ва тергов ҳаракатлари баённомалари тафтиш қилинди. Шундай қилиб, суд тергови якунланди.

Кейинги суд мажлиси 11 январь куни соат 14.30 га тайинланган бўлиб, унда тарафларнинг музокаралари эшитилади.

XS
SM
MD
LG