Ссылки доступа

Қирғизистон хорижликларни мамлакатга сармоя киритишга ундамоқда


Иллюстративное фото.
Иллюстративное фото.

Жогорку Кенеш Қирғизистонга 10 миллиондан 20 миллион сўмгача сармоя киритган хорижий фуқароларга 5 йилдан 10 йилгача муддатга сармоявий визалар бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Парламент 11 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда “Ташқи миграция тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Энди ҳужжат кўриб чиқиш учун мамлакат президентига юборилади.

Қайд этилганидек, Жогорку Кенешнинг тўрт депутати – Дастан Бекешев, Элвира Сурабалдиева, Жанарбек Акаев ва Сейидбек Атамбаев ташаббуси билан қабул қилинган қонун лойиҳаси Қирғизистонда инвесторлар учун шароит яратишга қаратилган.

“Бугунгача Қирғизистон иқтисодиётига 10 миллион сомдан ортиқ сармоя киритган чет эл фуқароси уч йил муддатга сармоявий виза оларди. Биз бу муддатни беш йилга узайтирдик. Агар сармоя миқдори 20 миллион сомдан ошса, у ҳолда виза 10 йилга берилади. Чунки уч йил жуда қисқа. Ахир, масалан, кимдир Қирғизистон Республикасида йирик компания очмоқчи бўлса, бу вақт етарли эмас. Давлат унга камида 10 йил бериши керак”, - дея тушунтирди Дастан Бекешев.

Ҳужжат муҳокамаси чоғида қонуннинг пул ювиш воситасига айланиши мумкинлиги ҳақида кўплаб хавотирлар билдирилди. Бироқ муаллифлар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ), Президент ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги ва Молиявий разведка хизмати Қирғизистонга сармоя киритмоқчи бўлган ишбилармонларни текширади, деб ишонтирди.

2021 йилда Қирғизистон Республикасининг инвестицияларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунларига ўзгартиришлар киритилди. Республикага 10 миллион доллар сармоя киритганлар давлат билан инвестиция шартномасини тузиш имкониятига эга. Бунгача талаб қилинадиган миқдор 50 миллион доллар эди. Бундан ташқари, 10 миллион сомдан ортиқ сармоя киритганлар учун мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига виза олиш имконияти яратилди. Дастан Бекешевнинг сўзларига кўра, 2022 йилда Қирғизистонга 27 та сармоявий визалар берилган.

Қирғизистон расмийлари, ўз навбатида, инвесторлар учун шарт-шароит яратиб беришларини ва уларнинг мулки дахлсизлигини кафолатлашларини айтишмоқда. Бироқ улар шунга қарамай тадбиркорлик субъектларини ноқонуний текшириш ва товламачилик ҳолатлари мавжудлигини, шу боис тадбиркорларни текширишга 2023 йилгача мораторий киритилганини тан олишди.

Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январидан сентябригача Қирғизистонга 958 миллион доллар сармоя киритилган. Шу билан бирга, мамлакатдан 563 миллион доллар олиб чиқиб кетилган.

Ўтган йили Жогорку Кенешнинг бир гуруҳ депутатлари мамлакат иқтисодиётига 500 минг доллардан ортиқ сармоя киритган хорижликларга Қирғизистон фуқаролигини бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам таклиф қилган эди.

XS
SM
MD
LG