Ссылки доступа

Сенат 2 кунлик тадбирга 3,2 млд. сўм сарфлаган


Олий Мажлис сенати 2022 йил 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммити учун 3 млрд 230 млн сўм сарфлагани маълум бўлди.

"Kun.uz" нашри қўлга киритган ҳужжатларга кўра, сенатнинг бинолардан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси “Sky Events” МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома орқали Конгресс марказининг ижараси ва кофе-брейк учун 957 млн, марказнинг заллари учун 1,2 млрд ҳамда меҳмонларни овқатлантириш учун 1 млрд 56 млн сўмлик шартномалар тузган.

Харажатлар сметасига кўра, 8 сентябрь кунги тушлик ва кечки овқат учун 608 млн 120 минг, 9 сентябрь кунги кофе брейк ва тушлик учун 448 млн 500 минг сўм сарфланган.

Парламент юқори палатаси меҳмонларни 400 млн сўмлик совға-салом билан сийлаган. Совғалар орасида ҳар бири 1 млн 70 минг сўмлик 150 та сумка, ҳар бири 387 минг сўмлик 15 дона ҳолва ва ҳар бир донаси 17 млн сўм бўлган 5 дона сувенир ҳам бор.

2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда сенатга 59,9 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган, лекин кейинроқ харажатлар 69 млрд сўмга етган. Жорий йилда юқори палатага давлат бюджетидан 92,8 млрд сўм ажратилган.

XS
SM
MD
LG