Ссылки доступа

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинди


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан 16 январь куни ўтказилаётган йиғилишда билдирилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинган.

Жумладан, пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилган.

Ж. Ортиқхўжаев эса “вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун” ишдан олингани қайд этилган. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев эса Тошкент шаҳар прокурори этиб тайинланган.

Йиғилишда Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига "ҳайфсан" берилган. Маҳаллий пабликлар бу мулозимларнинг ҳам лавозимларидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилгани, ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилгани ҳақида ёзмоқдалар. Шунингдек, мажлис чоғида "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмоновнинг ҳам лавозимидан озод этилгани очиқланган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг апрель ойи охиридан буён Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди. Аввалроқ у аномал совуқ сабабли пойтахтдаги тўйхоналарда 5 кун давомида аҳолига текин ош тарқатиш ташаббуси билан чиққанди.

XS
SM
MD
LG