Ссылки доступа

Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи давомийлиги уч кундан бир кунга қисқарди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Ҳалима Яқуб таклифига биноан давлат ташрифи билан Сингапурга боради. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати аввалроқ ташриф 16-18 январь кунларига мўлжалланганини қайд этган эди.

Бироқ душанба куни “қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар” юзасидан Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиш чоғида президент Мирзиёев энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб, Сингапурга ташриф давомийлиги 3 кундан 1 кунга қисқартирилишини таъкидлаган.

Ташриф дастурига мувофиқ, у ерда Шавкат Мирзиёевнинг Сингапур президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказиши режаланган.

“Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олган” дейилган хабарномада ташриф чоғида савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши, музокаралар якунида бу йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши урғуланган.

Хабарномада ташриф чоғида Ўзбекистон президентининг Сингапурдаги етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашув ўтказиши қўшимча қилинган.

XS
SM
MD
LG