Ссылки доступа

Россиянинг ракета зарбаси ортидан Днепрда қурбон бўлганлар сони 35 кишига етди


Россия қўшинлари томонидан 14 январь куни Украинанинг Днепр шаҳрига берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 35 кишига етган.

Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, қурбонларнинг икки нафари ёш болалардир. Аввалроқ зарба чоғида 30 киши ўлгани ҳақида хабар қилинган эди.

“Тунда қутқарувчилар Россия ракетаси яксон қилган кўп қаватли уй вайроналари остидан яна бир неча кишининг мурдасини олиб чиқишди”, деб ёзган Резниченко.

Мулозимга кўра, у ерда 39 киши қутқарилган, уй турғунларидан 14 бола дохил 75 киши тан жароҳати олган. Яна 35 кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Уй атрофида қутқарув-қидирув ишлари давом этяпти.

Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Днепрдаги уйга қарата Х-22 ракетаси отилган.

Украина президенти Владимир Зеленский 15 январь оқшомидаги видеомурожаатида рус тилида россияликларга юзланган.

“Сизларнинг қўрқоқларча жим туришингиз (...) фақат бир кун келиб бу террорчиларнинг сизнинг ортингиздан ҳам келиши билан тугайди. Ёвузлик қўрқоқликни жуда яхши ҳис этади. Ёвузлик ўзидан қўрққан ёки савдолашишга уринаётганларни ҳар доим эслаб қолади. Улар сизнинг ортингиздан келганларида сизни ҳимоя қиладиган ҳеч ким бўлмайди”, деган Зеленский.

XS
SM
MD
LG