Ссылки доступа

Олмаота бозорининг собиқ раҳбарияти халқаро қидирувга берилди


Олмаота яқинидаги “Олтин Ўрда” бозорининг собиқ раҳбарияти вакиллари халқаро қидирувга берилди, дея хабар бермоқда маҳаллий ахборот агентликлари Олмаота вилояти полиция бошқармасига таяниб.

Казинформ агентлигининг ёзишича, 36 ёшдан 40 ёшгача бўлган тўрт нафар эркак – Данияр Апдигапаров ва Жумадин Патов, Канат Жакаев ва Айдос Нуркалиев қидирилмоқда. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган, айниқса, катта ҳажмдаги фирибгарликда гумон қилинмоқда.

Ўтган йилнинг баҳорида ижтимоий тармоқларда Олмаота бозорининг собиқ директори деб аталган Дониёр Абдигапаров Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаевга мурожаат қилиб, бозорни босқинга учратганини иддао қилган видео тарқалди.

Февраль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев Қозоғистоннинг собиқ президентининг укаси Булат Назарбоев билан боғлиқ бўлган ушбу бозорни “тартибга солиш”га чақирган эди.

Ўтган йилнинг март ойида ўтказилган аудит натижаларига кўра, бозорда “савдо жойларининг кунлик ижара ҳақининг монопол юқори нархини белгилаш ва ушлаб туришда ифодаланган ҳукмрон ёки монопол мавқеини суиистеъмол қилиш” фактлари аниқланган.

Аввалроқ Олмаота вилояти бўйича Монополияга қарши департаменти «Altyn Orda QazTrade LTD»га нисбатан маъмурий иш қўзғатган, шундан сўнг суд компаниянинг 46 миллион тенге даромадини мусодара қилган ва унинг раҳбариятини “монопол юқори нархларни белгилагани учун” 1,4 миллион тенге миқдорида жаримага тортган эди.

Олмаота вилояти прокуратурасининг хабар беришича, бозорнинг собиқ раҳбариятининг тўрт нафар вакили янги павильон қурилаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан савдо жойлари учун пул тўлаганликларини даъво қилган бозор сотувчилари шикоятлари юзасидан қидирувга берилган.

XS
SM
MD
LG