Ссылки доступа

Қирғизистон нақд доллар олиб чиқишни вақтинчалик тақиқлади


Вазирлар Маҳкамаси Қирғизистондан нақд доллар олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ ўрнатди.

Хабар берганимиздек, тақиқ норезидентлар ва чет эл фуқароларига 5 минг нақд долларгача, шунингдек, Қирғизистон резидентлари ва фуқароларига 10 минг доллардан ортиқ миқдорда тегишли.

Вазирлар Маҳкамаси маълумотларига кўра, агар Қирғизистон резидентлари ва фуқаролари нақд долларни 10 мингдан ортиқ миқдорда экспорт қилса, белгиланган лимитдан ошиб кетган сумманинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат божхона хизматига “нақд доллар олиб чиқиб кетилишининг олдини олишга қаратилган зарур чораларни кўриш” топширилди.

Охирги икки йил давомида Қирғизистонда доллар курси 85 сом атрофида барқарор бўлган бўлса, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин вазият ўзгарган. Урушнинг дастлабки икки ҳафтасида Америка валютаси 20 сомга кўтарилиб, 106 сомга етди. Кейин курс сезиларли даражада камайди. Охирги бир неча ҳафта давомида расмий курс 85,6 сом атрофида бўлиб турибди.

2022 йил охирида депутат Жусупбек Коргонбай уулу Қирғизистонда нақд доллар тақчиллигини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, валютафурушлар катта миқдорда Россия валютасини олиб келишади, доллар эса республикадан Туркия, Россия, Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий банки раиси Кубаничбек Боконтаев Жогорку Кенеш йиғилишларидан бирида доллар Россияга том маънода қопларда олиб кетилаётганини айтган эди. Россияга доллар оммавий экспорт қилингани ҳақидаги маълумотни Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров ҳам тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG