Ссылки доступа

Қурманбек Бакиевнинг рафиқаси вафот этди, у Қирғизистонда дафн этилади


Қирғизистоннинг қочоқ собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг рафиқаси Назгул Толомушованинг ўлими ҳақида маълум бўлди. Бу маълумотни Озодликка марҳумнинг ватандошлари ва бир қанча манбалар тасдиқлашган.

Қайд этилишича, Минскда 47 ёшли Назгул Толомушова касаллик туфайли вафот этган. Ҳозир Жалолобод вилоятининг Қозарман қишлоғида унинг дафн маросимига яқинлари ҳозирлик кўрмоқда. Қурманбек Бакиев дафн маросимида иштирок этадими ёки йўқми номаълум.

Тўғуз-Торо туманидаги Тўломушовалар оиласи хонадонининг ҳовлисига ўтов ўрнатилди. Толомушованинг яқинларига кўра, унинг жасади аллақачон Қирғизистонга етказилган.

2016 йилда Назгул Толомушова Беларус президенти маъмуриятига расман тегишли бўлган "Отель Минск" корхонаси директори этиб тайинлангани хабар қилинганди. Қирғизистондан Бакиев билан қочиб кетганидан бир йил ўтиб, Толомушова «Аят» газетасига 1995 йилдан бери Қурманбек Бакиев билан бирга яшаб келаётганини, уларнинг оиласида икки фарзанди борлигини айтди.

Қурманбек Бакиев 2005 йилда март инқилоби натижасида ҳокимиятга келган, 2010 йил апрель воқеалари чоғида ҳокимиятдан ағдарилган. Қурманбек Бакиев режимига қарши намойиш чоғида 90 киши ҳалок бўлган. Кейинроқ Бакиев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этиб, Беларусдан бошпана олди.

Қирғизистонда Қурманбек Бакиев сиртдан 30 йилга, унинг укаси, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Жаниш Бакиев умрбод қамоқ жазосига, ўғли Марат эса 30 йилга озодликдан маҳрум этилди. Кичик ўғли Максим Бакиев бир қатор жиноятларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG