Ссылки доступа

АҚШ агентлиги одам савдосига қарши курашда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га кўмаклашади


Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти одам савдосига қарши кураш бўйича дастурларда 25 йиллик тажрибага эга Winrock International ташкилоти билан меморандум имзолади.

Бу ҳақда маълумот тарқатган авиаширкат матбуот хизмати одам савдосига қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиялаштираётган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида амалга оширилишини маълум қилган.

Лойиҳа ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва хавфсиз миграцияни таъминлашга қаратилган.

Ҳамкорлик доирасида 2023 йилнинг биринчи чорагида Winrock International вакиллари Ўзбекистон авиакомпаниясининг борткузатувчилари ва ходимлари учун хавфсиз миграция, одам савдосининг олдини олиш, қурбонларни аниқлаш ва унга қарши курашиш чоралари бўйича тренинглар ўтказади.

Қайд этилишича, Uzbekistan Airways Европа, Осиё ва Американинг 40 дан ортиқ шаҳрига парвоз амалга оширмоқда, ойига 300 мингдан ортиқ йўловчини манзилига етказмоқда.

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 2021 йилда 120 нафар аёл жинсий эксплуатация, 33 нафар эркак меҳнат эксплуатацияси қурбонига айланган, 47 та чақалоқ савдоси қайд этилган.

XS
SM
MD
LG