Ссылки доступа

Сингапурда янги навдаги гулга “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” номи берилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Сингапурга давлат ташрифи доирасида мезбон президент Ҳалима Яқуб ва бош вазир Ли Сянь Лун билан музокаралар ўтказган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, “Истана” саройида Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими ўтказилганидан сўнг меҳмон президент шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтган.

“Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи - “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” деб ёзилган тахтачани жойлаштирди”, дейилган хабарномада.

Маросимдан кейин Мирзиёев сингапурлик ҳамкасби Ҳалима Яқуб билан музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар, таълим соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашган. Учрашув якунида Мирзиёев Сингапур президентини ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти “Истана” қароргоҳида Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун билан савдо-иқтисодий масалалар юзасидан музокара олиб борган. Учрашувда Мирзиёев Сингапур билан истиқболда инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш, илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш, инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятларидан баҳс этган.

Музокаралардан кейин делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилган. Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинган. Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилган.

Хабарномада президент Шавкат Мирзиёев шу куннинг ўзида Тошкентга қайтиши айтилган. Аввалроқ Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи 16 январдан 18 январгача давом этиши хабар қилинган. Бироқ 16 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда президент энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб, Сингапурга ташриф давомийлиги 3 кундан 1 кунга қисқартирилишини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG