Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, 2022 йилда икки давлат ўртасидаги муносабатларда “қийин давр” бўлган.
“Тожикистон билан муносабатлар даври анча оғир кечди: сентябрь агрессияси, шундан сўнг жуда узоқ вақт ёпиқ музокаралар олиб борилди. Энди вазият бироз яхшиланмоқда. Тожикистон томонидан ҳам, биз томондан ҳам чегара бўйича музокараларни якунлашимиз кераклиги ҳақида ўзаро тушуниш бор”, — деди Кулубаев.
Шунингдек, у тожик томони билан музокаралар “фаолроқ суръатда” давом этишини қайд этди.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 682 километри аниқланган, 290 километри эса баҳслилигича қолмоқда. Ушбу ноаниқлик туфайли қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлади.
Энг йирик можаролардан бири 14-17 сентябрда юз берди.
2022 йил декабрь ойида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг топографик ишчи гуруҳлари 17,66 километрлик давлат чегараси чизиғининг лойиҳа тавсифини якунлагани ҳақида хабар берилган эди.
Декабрь ойи охирида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Боткен вилоятига амалий ташрифи чоғида қирғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш бўйича ишларни 2023 йилнинг ёзига қадар якунлаш нияти борлигини маълум қилди.