Ссылки доступа

Қирғизистон Президентининг матбуот котиби Mega компанияси давлат юрисдикциясида қолишини айтди


Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев Mega (собиқ номи Megacom) давлат уяли алоқа оператори атрофидаги вазиятга изоҳ берди.

Султонбоевнинг сўзларига кўра, Mega компанияси давлат мулки хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, давлат раҳбари матбуот котиби компанияни тартибга солувчи орган сифатида ё Миллий банк ёки Давлат тараққиёт банки иш олиб боришига ишонтирди.

“Тегишли қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади, яъни компания давлат тасарруфида қолади ва мамлакат бюджетини тўлдиришга ҳисса қўшишда давом этади. Шундай қилиб, компания ҳеч қандай тарзда хусусий қўлларга ёки хорижий компанияларнинг юрисдикциясига ўтмайди. Бундан ташқари, регуляторнинг ўзгариши аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатининг яхшиланишига, Mega давлат компаниясининг янада фаол ривожланишига олиб келиши кутилмоқда”, — деб ёзди Султонбоев Facebookдаги саҳифасида.

Аввалроқ Давлат мулкини бошқариш жамғармаси раҳбари Мирлан Бакиров Азаттик нашрига берган интервьюсида Mega компанияси давлат сотувга қўймоқчи бўлган 30 та корхона қаторига кирганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда компаниянинг қиймати 14-15 миллиард сомга баҳоланмоқда. Бундан ташқари, Давлат мулки жамғармаси раҳбари Қирғизистон Республикаси Миллий банки “Альфа Телесом” ЁАЖни сотиб олиши мумкинлигини таъкидлади.

2021 йил май ойида янги Конституцияни имзолаш маросимидан сўнг Президент Садир Жапаров давлат корхоналарини таркибий ўзгартириш ва келгусида уларни хусусий мулкка ўтказиш режалари ва бу ишлардан сўнг Давлат мулки жамғармаси тугатилиши ҳақида хабар берган эди.

Қирғизистон ҳукумати Megaни сотишга бир неча бор уриниб кўрди. 2010 йилги инқилобдан кейин Муваққат ҳукумат компания акцияларининг 49 фоизини миллийлаштирди. 2014 йилда компания тўлиқ давлат мулкига ўтди.

XS
SM
MD
LG