Ссылки доступа

Қорақалпоғистонда рейдлар: 132 киши ҳибсга олинган, 90 мингга яқин хонадон тинтув қилинган


Қорақалпоғистонда сўнгги ҳафталарда ўтказилган рейдларда шу пайтгача қидирувда бўлган 132 нафар шахс қўлга олинган ва тергов бўлимларига топширилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги Қорақалпоғистон ички ишлар вазири Бахтияр Торебековга таяниб хабар берди.

Қорақалпоғистонда ўтказилган “Антитеррор” тозалаш тадбирлари доирасида 18 минг 200 объект ҳамда 89 минг хонадон жамоатчилик фаоллари билан бирга кўздан кечирилган.

Бундан ташқари, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар ўз ихтиёри билан 344 ов қуроли, 170 ўқ-дориларни ички ишлар органларига топширган. 12 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланиб, улар ўз уйларига қайтарилган.

Ўз навбатида, 57 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, айбдорлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган", дейилади хабарда.

Қорақалпоғистондаги рейдлар Ўзбекистон конституциясида "суверен" деб белгиланган ҳудуд мақомининг ўзгартирилишига қарши ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари юз берган қонли намойишлардан қарийб олти ой ўтиб амалга оширилди.

Июль ойининг бошида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши оммавий норозилик чиқишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Аммо, маҳаллий расмийлар ҳибсга олинганларнинг 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида рўй берган воқеаларга алоқаси бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот бермаган.

Айни пайтда Қорақалпоғистон воқеалари бўйича Бухоро шаҳрида давом этаётган маҳкамада 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.

Олий суд матбуот хизматига кўра, давлат айбловчиси судланувчиларга тегишли моддалар бўйича уларнинг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда қонунда белгиланган тартибда жазо тайинлашни сўраган.

Жумладан, прокурор Нукус воқеаларидаги асосий айбланувчилар Даўлетмурат Тажимуратов ва Лолагул Қаллихановага 18 ва 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.

Дастлабки айблов хулосасига кўра, асосий айбланувчилар Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244 (оммавий тартибсизликлар) ҳамда 244−1-моддаларида (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланган.

XS
SM
MD
LG