Ссылки доступа

Туркманистонда ҳаддан зиёд совуқ туфайли минглаб бош чорва ҳайвони нобуд бўлди


Марказий Осиёдаги барча мамлакатларда кузатилаётган экстремал совуқ Туркманистоннинг Ахал, Болқон, Мари ва Лебап вилоятларида минглаб мол-қўйнинг нобуд бўлишига, парранда фермаларидаги товуқларнинг музлаб қолишига сабаб бўлган.

Айни пайтда, Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, ўтган дам олиш кунлари Тахтабозор ва Серхетобод туманларида рўй берган қор кўчкиси натижасида довонларда минглаб қўй ва эчки нобуд бўлган.

Минтақада ўн кундан буён сақланаётган совуқ натижасида Туркманистоннинг шарқий ва жануби-шарқий ҳудудларида ҳаво ҳарорати –25 даражагача тушиб кетган. Табиий офат туркманистонлик чорвадорлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

Жануби-шарқий ҳудудлардаги чорвадорлар совуқ натижасида яйловлар музлаб қолгани, бу асосий муаммолардан бирига айланганини айтиб беришган.

“Яйловларни ўн кундан буён қор босиб, совуқ чекинмаяпти, бу қўй-қўзилар, эчкилар ва туяларнинг ёппасига қирилишига олиб келди. Қорамоллар туёғи музлаб қолганидан ўляпти, молларнинг тилида яралар пайдо бўляпти”, деган марилик чўпонлардан били Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Бошқа бир чўпон мазкур вилоятда ўтган ҳафта ёққан қалин қор туфайли Тахтабозор ва Серхетобод туманларининг тоғли ҳудудларида қор кўчкиси бўлгани, бунинг оқибатида 2-3 минг бош қўй-эчки нобуд бўлганини маълум қилган.

Лебаплик чорвадорлар ҳозирги қишни 2008 йилдаги қиш мавсуми билан қиёслашмоқда.

“Далалар совуқдан қотиб қолган қушлар билан тўлган. Уларни ҳар ердан итлар тишлаб олиб кетяпти. Сигирлар оғилхонанинг ичида туриб ҳам музлаб қолишяпти, уларнинг бурунларида қон оқиб, емини зўрға ейишяпти”, деган маҳаллий чорвадорлардан бири.

Бу ҳолатдан ташвишланган чорвадорлар келаётган ҳордиқ кунлари ҳайвонларни мол бозорига олиб чиқиб, сотиб қутулиш дардига тушишган. Улар фикрича, сигирларнинг иштаҳаси йўқолиб қолгани совуқ туфайли ҳайвонларнинг ўпкаси шамоллаганидан дарак беради.

Чорва ҳайвонларининг ёппасига қирилиши яйловлари музлаб қолган Ахал ва Болқон вилоятларида ҳам кузатилмоқда. Маҳаллий чўпонлар хусусий ва давлат чорва фермаларида ҳайвонларнинг нобуд бўлиши ҳолати юзасидан текширув олиб бориб, баённомалар тўлдираётганини маълум қилишган.

Маҳаллий чорвадорларга кўра, текширувдан мақсад чорванинг ёппасига қирилиши юзасидан айбдорларни топишдир.

“Улар чорванинг қирилишига табиат сабаб бўлганми ёки чўпонларми – шуни аниқлашга уринишяпти. Бу иш жавобгарликни чўпонлар зиммасига юклаб, кўрилган зарарни улардан ундириш учун қилиняпти”, дейишган маҳаллий чўпонлар.

Энергия захираларига бой бўлган Туркманистонда фавқулодда совуқ туфайли аҳолини газ ва электр билан таъминлашдаги узилишлар шаклидаги жиддий муаммоларни ҳам юзага келтирган.

Давлат ОАВлари хусусий ва давлат хўжаликларида чорва ҳайвонлари ёппасига қирилаётгани ҳақида ҳеч қандай хабар бераётгани йўқ.

Туркманистон ҳукумати ҳам совуқ туфайли аҳоли дуч келган муаммоларни кўрмасликка олмоқда. Аммо президент Сердер Бердимуҳамедов хорижлик ҳамкасблари билан суҳбатда Туркманистонда кузатилаётган табиий офат ҳақида сўзлаб бераётганга ўхшайди. Бу Россия президенти Владимир Путиннинг куни кеча ҳукумат мажлисида қилган чиқишидан ҳам маълум бўлган.

“Нималар бўлаётганини бир қаранг: Европада ҳаво илиқ, Туркманистонда эса – бугун президент [Сердар Бердимуҳамедов] билан гаплашувдим – минус 25 даража совуқ. Туркманистонда-я!” деганди ўша мажлис чоғида В. Путин.

XS
SM
MD
LG