Ссылки доступа

Ўзбекистон Тожикистондан электр энергияси сотиб ола бошлади


Сурхондарё вилоятининг қатор туманларига 18 январдан эътиборан Тожикистон орқали электр энергияси етказиш йўлга қўйилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё ҳудудий филиали аномал совуқ даврида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида шундай чорага қўл урилганини маълум қилган.

Қайд этилишича, Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларидаги 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларидаги 90 фоиз ва Бойсун, Сариосиё, Узун, Денов туманларидаги барча истеъмолчиларга қўшни давлатга қарашли “Регар-500” подстанциясининг 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали ток етказиб берилмоқда.

Озодлик аввалроқ ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетгани ва энергетик бўҳрон кузатилаётгани манзарасида Ўзбекистон 15 январдан бошлаб Афғонистонга электр энергияси етказишни тўхтатгани ҳақида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG