Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро маҳкум алмашиши мумкин


Қозоқ парламентининг қуйи палатаси депутатлари 18 январь куни Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида маҳкум алмашувига доир битим ратификациясини маъқуллашган. Бу ҳақда Қозоғистондаги маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Парламент ялпи мажлисида сўзлаган мамлакат бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев ушбу ҳужжат борасида Ўзбекистон билан бир неча йил давомида музокара олиб борилганини айтган.

Инсонпарварлик тамойили билан изоҳланган битим шартларига кўра маҳкумлар алмашуви учун аввало уларнинг розилиги керак. Шу билан бирга экстрадицияга ҳар икки давлат ваколатли идоралари рухсат бериши талаб этилади.

Қозоғистон бош прокурори ўринбосарига кўра, Қозоғистонда турли жиноятлар учун судланган 225 нафар ўзбекистонлик ўз мамлакатида жазони ўташ истагини билдирган. Битим доирасида Ўзбекистонда жазо ўтаётган 20 нафар қозоғистонлик ҳам ватанига қайтарилиши мумкин.

Мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етадиган ҳолатларда, шунингдек, ҳуқуқбузарликда айбланган шахснинг қарз ва молиявий мажбуриятлари бўлса, маҳкумлар алмашувига йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

XS
SM
MD
LG