Ссылки доступа

Ўзбек шифокорлари илк бор сиам эгизакларини ажратиб олди (видео)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт тарихида илк бор ўзбек шифокорлари томонидан сиам эгизаклари ўта ноёб операция натижасида ажратиб олингани ҳақида хабар берди.

«Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик маркази янги туғилган чақалоқларда мураккаб амалиётлар ўтказиш борасида ноёб муассасадир. Буни қўшни давлатлардан келаётган беморлар оқимидан ҳам билиш мумкин.

Ўзбекистонлик яқинларидан ушбу шифохона ҳақида эшитган қирғизистонлик эгизакларнинг ота-онаси бу ерга ўтган йил июн ойида мурожаат қилган», дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, 2022 йил 31 майда дунёга келган чақалоқлар сиам эгизаклари бўлиб, улардаги бу ноодатий ҳолат ҳомила 28 ҳафталигида аниқланган ва бўлажак она Ўш шаҳридан Бишкек шаҳрига юборилган. 29-ҳафтада туғуруқ жараёни «кесарча» усулида амалга оширилган. Дунёга келганида умумий вазни 1 600 грамм бўлган чақалоқларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйишган.

Эгизаклар танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган эди. Битта ички аъзоларга эга эгизакларни ажратиш эса ўта мураккаб ва хавфли операция эди. Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.

Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она орадан бир ой ўтгач, Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга телефон орқали мурожаат қилишади.

Беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шаклланган эди. Бу эса икки тана ажратилганида, бу аъзолар ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминлар эди.

Шундай қилиб, эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди. Операциянинг кейинги босқичида тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб бориши керак эди.

Мутахассислар эндиликда «сиам эгизаги» деб аталмаётган ушбу болажонларнинг аҳволини стабил деб баҳоламоқда. Яқин кунларда чақалоқларни яшаш жойига чиқаришга умид қилинаяпти.

Вазирлик хабарига кўра, операцияда иштирок этган мутахассисларни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

XS
SM
MD
LG