Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати “ноқонуний олиб қўйилган активларни қайтариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди


Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида “активларни ноқонуний олиб қўйиш шартларини бартараф этиш, ихтиёрий равишда рағбатлантириш ёки уларни мажбурий қайтаришни бошлаш”га қаратилган қоидалар мавжуд.

“Ваколатли давлат органлари маълумотларини таҳлил қилиш натижаларига кўра, мол-мулки бўйича махсус декларация тақдим этиши керак бўлган шахсларнинг чекланган реестрини шакллантириш режалаштирилмоқда. Агар активларнинг эгаси уларнинг келиб чиқишини тасдиқлай олмаса, улар асоссиз равишда сотиб олинган деб топилади ва давлат даромадига айлантирилади”, — дейилади ҳукумат баёнотида.

Қайтарилган маблағлар Қозоғистон халқи фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

Қонли январь воқеаларидан сўнг Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратди, бу эса мамлакат иқтисодий ресурсларининг тор доирадаги одамлар қўлида тўпланишига хизмат қилган ва уларга кераксиз имтиёзлар берилган. Баъзи экспертлар жорий ҳокимиятнинг хориждаги активларни қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларини капитални қайта тақсимлаш кампаниясининг бир қисми сифатида кўришади.

Tax justice network маълумотларига кўра, сўнгги 25 йил ичида Қозоғистондан хорижий офшорларга тахминан 140-160 миллиард доллар олиб чиқиб кетилган. Айрим экспертларнинг фикрича, мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилган пул миқдори анча юқори бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Тоқаевнинг айтишича, асосий мақсад “судга етказилган жиноий ишлар сони эмас, балки иқтисодиётни реал тиклаш”.

2022 йил 5 июнь куни, Конституцияга ўз ташаббуси билан киритилган ўзгартиришлар бўйича референдум куни Тоқаев “чет элдан ноқонуний олиб қўйилган маблағларни қайтариш учун” комиссия тузилганини маълум қилди. Комиссия таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, махсус ва алоҳида марказий ижроия органлари, Миллий банк, Қозоғистон молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги, «Самрук-Казин» жамғармаси ва фискал органларнинг биринчи раҳбарлари киради.

XS
SM
MD
LG