Ссылки доступа

Январь воқеалари: 13 бола ва 12 аёл қийноққа солинган


Январь воқеаларидан сўнг, тергов изоляторида оғир жароҳат олган 190 киши ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган. Уларнинг 13 нафари вояга етмаганлар ва 12 нафари аёллардир.

Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ulysmedia.kz порталига Остонадаги ҳуқуқ ҳимоячилари тақдимотидан сўнг Қозоғистоннинг “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича” нодавлат ташкилоти ишчи гуруҳи координатори Роза Ақилбаева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари саккиз нафар болага ҳуқуқий ёки моддий ёрдам кўрсатган, баъзи ўсмирлар аллақачон ишлаб, шароити туфайли ўз оилаларида боқувчига айланган.

“Баъзи болалар шунчалик қўрқиб кетишганки, ариза беришни давом эттирмадилар. Улар эҳтиёт чорасини ўзгартирилиши биланоқ дарҳол ғойиб бўлишди ва унутишга ҳаракат қилишди”, — деди у.

Ақилбаева мисол тариқасида Шарқий Қозоғистон вилоятидан бўлган, норозилик намойишлари пайтида тергов изоляторига тушиб қолган, сўнг ўзи “уйига судралиб кетган” боланинг воқеасини келтирди.

31 январь куни Остона шаҳрида қароргоҳи Брюсселда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (ИҲХТ) нодавлат ташкилоти, шунингдек, Қийноқларга қарши нодавлат нотижорат ташкилотлари коалицияси ва Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси 2022 йил январидаги воқеалар бўйича ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, у Қозоғистонда кенг тарқалган инсон ҳуқуқлари бузилишини очиб беради.

Ҳисобот январь воқеалари билан боғлиқ қийноқлар мавзусига тўхталди. ИҲХТнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Рейчел Гасовски Остонага берган тавсиялари қаторида 2022 йил январь ойида эълон қилинган қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар ҳақидаги барча даъволарни “тўлиқ, мустақил ва холис” текшириш орқали халқаро стандартларга содиқлик кўрсатишга чақирди.

У асоссиз деб топилган ёки “далил йўқлиги” туфайли ёпилган қийноқлар бўйича ишларни қайта кўриб чиқишни, шунингдек, шифокорларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини текширишни ва барча айбдорларни жавобгарликка тортишни сўради.

“Қозоғистон ҳукумати сўздан амалга ўтиши, ўтган йилнинг январь ойида содир этилган оммавий қийноқлар учун жазосиз қолишга чек қўйиши, жабрланганларни ҳимоя ва тегишли товон билан таъминлаши керак”, деди Гасовский.

Гасовский ўз нутқида қийноқлар Қозоғистонда азалий муаммо эканлигини ва қийноқлар фактлари 2011 йил Жанаўзен воқеаларидан олдин ҳам, кейин ҳам кўп ўн йиллар давомида инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ҳужжатлаштирилганини таъкидлади.

Жорий йилнинг 5 январь куни Қозоғистон расмийлари қийноқлар бўйича 329 ҳолатдан 34 нафар милиция ва Миллий хавфсизлик қўмитасига нисбатан жиноий ишларни махсус прокурорлар бошқарганлигини маълум қилди. Олмаотада Олатау туманида яшовчи Жасулан Анафияевнинг милиция қийноқлари натижасида ўлими бўйича суд жараёни бошланиши керак эди, бироқ йиғилиш қолдирилди. 17 январь куни меҳрибонлик уйи битирувчиси Тимур Радченкога нисбатан январь ойида қўйилган қийноқлар ишида икки милиция ходими уч йилга озодликдан маҳрум этилган, яна бири эса эркинлиги чекланган.

Толдиқўрғондаги январь воқеалари чоғидаги қийноқлар иши бўйича суд жараёнида вояга етмаганларнинг қийноқлари тилга олинди. 23 қурбоннинг тўрт нафари вояга етмаганлар эди.

XS
SM
MD
LG