Кўлоб вилоят прокуратураси прокурори Баҳодур Жўрахон 1 февраль куни аҳолининг норозилигига сабаб бўлган воқеа юзасидан уч нафар милиция ходимига мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айблангани ҳақида маълум қилди: улардан бири қамоққа олинган, қолган икки нафари тергов тугагунга қадар уй қамоғида қолишади.
“Текширув муддатлари кечиктирилганига марҳумнинг яқинлари ўликхонага бостириб киргани сабаб бўлди. Улар жасадни кўрдилар. Ва бу ҳам кескин вазиятнинг сабабларидан бири эди. Улар марҳумни кўриб қўрқиб кетишди. Улар Кўлоб суд-тиббий экспертизасига ишонмасликларини маълум қилишди. Пойтахтдан мутахассислар олиб келдик. Натижалар яқин кунларда тайёр бўлади, деб ваъда беришганди», - дея тушунтирди у.
3 январь куни ўнлаб кўлобликлар шаҳар ўликхонаси олдига йиғилиб, Розиқовнинг ўлимида айбдор бўлган милиция ходимларини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди, акс ҳолда намойиш давом этиши, жасадни ўликхонадан олиб чиқмасликлари ҳақида огоҳлантиришди. Розиқовнинг ўлими ижтимоий тармоқларда кескин резонансга сабаб бўлди.
Баҳодур Жўрахоннинг айтишича, “марҳумнинг баъзи яқинлари ҳиссиётларга берилиб кетган. Қандай бўлмасин, бу қайғу бу оилага тушди. Аммо йигитнинг оиласи буни тушунади. Биз улар билан мулоқот қиламиз. Аммо айрим кучлар бу воқеадан ўз манфаати учун моҳирлик билан фойдаланмоқда”.
Абдуқаҳҳор Розиқовнинг яқинлари 30 январь куни Кўлоб шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида йиғилиб, унинг ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказиш ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Расмийлар айрим намойишчиларга нисбатан иш очилишини истисно қилмаяпти.
“Терговга тўсқинлик қилган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатишни кўриб чиқяпмиз. Тергов муддати тугагач, якуний қарорни қабул қиламиз”, деди Кўлоб шаҳар прокурори Қутбиддин Дўстизода.
Абдуқаҳҳор Розиқов 3 январга ўтар кечаси Кўлобда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда айбланиб қўлга олинган ва ҳибсдан сўнг ноаниқ шароитда вафот этган.
Қариндошларининг иддао қилишича, Абдуқаҳҳор Розиқов маҳаллий милиция ходимларининг қийноқлари натижасида вафот этган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги эса Розиқов амфетаминнинг ҳаддан ташқари кўп дозаси туфайли вафот этганини маълум қилди.
Кўлоб прокуратурасининг хабар беришича, тергов ҳали унинг ўлими сабабларини аниқламаган.