Ссылки доступа

Душанбеда қурилаётган янги масжид бу йил очилиши кутилмоқда


Тожикистондаги энг катта масжиднинг очилиш маросими 2023 йилнинг биринчи ярмида бўлиб ўтиши мумкин.

3 февраль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дин ишлари, миллий анъаналар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раиси Сулаймон Давлатзода жорий йилнинг иккинчи чорагида Қатар ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан Тожикистонга келишини маълум қилди. Ташриф давомида масжид очилиши ҳам режалаштирилган, деди Давлатзода. Лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этган масжид биносининг қурилишини 70 фоизини Қатар, 30 фоизини Тожикистон ҳукумати молиялаштирди.

Дин ишлари, миллий урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси раҳбари бир йил аввал масжид давлат комиссиясидан ўтгани ва диндорлар учун эшикларини очишга тайёрлигини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистондаги энг катта масжид очилиши 2020 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли Қатар вакиллари Тожикистонга уча олмагани учун маросим қолдирилган.

Душанбедаги янги марказий катта масжиди бир вақтнинг ўзида 120 минг кишини сиғдира олади. У 12 гектар майдонда жойлашган бўлиб, баландлиги 65 метр бўлган тўртта минора, 47 метрли бош гумбаз ва яна 20 та катта-кичик гумбаз, катта зал, кичик намозхонлар, кутубхона, музей, мажлислардан иборат.

Масжиднинг тамал тошини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 2009 йил октябрь ойида Ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифа таваллудининг 1310 йиллигини нишонлаш чоғида қўйган эди. Масжид қурилиши 2011 йилда бошланган.

Мамлакатдаги энг йирик масжид қурилиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатларининг Тожикистонда диний эркинликларни чеклаётгани ҳақидаги танқидлари фонида амалга оширилган. Шундай қилиб, АҚШ Давлат департаментининг дунёнинг турли мамлакатларидаги диний эркинликларга оид йиллик ҳисоботида Тожикистон 2016 йилдан буён диний эркинликларни бузувчи давлатлар қора рўйхатига киритилгани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG